АсосийJamiyat

Коронавирус пневмонияси билан оддий пневмониянинг фарқи нимада? Мутахассис аниқлик киритди

'Коронавирус пневмонияси билан оддий пневмониянинг фарқи нимада? Мутахассис аниқлик киритди'ning rasmi

COVID-19 га чалинган беморларни даволовчи фтизиатр Надежда Шкловец коронавирусли пневмония одатий пневмониядан нимаси билан фарқ қилиши, уни даволаш ва реабилитация қилиш методлари ҳақида маълумот берди.

— Янги коронавирусли пневмония — бу ўпканинг вирусли яллиғланишининг бир тури. Вирусли пневмониялар бизга аллақачон маълум, аммо биз бундай миқдорда у билан ишлашга одатланмаганмиз. Бу даволаш ишларини жуда мураккаблаштиради. Коронавирусли пневмония келтириб чиқарадиган ўзгаришлар, масалан, гриппда ҳам бўлади, аммо COVID-19 да улар кўпроқ ва бошқачароқ ривожланади.  

 Фарқлар ҳақида гапиришдан олдин ўпкамиз ўзи нимадан иборат эканини эслаш лозим. У ҳаво ўтказувчи найчалар тизимидан иборат бўлиб, нафас олиш қопчалари — альвеолалар билан тугайди. Бу альвеолалар каркас — интерстиция ёрдамида ягона тузилмага бирлашган. У бирлаштирувчи тўқимадан ташкил топган. Интерстицидан қон ва лимфа томирлари ўтади.

 Кўп ҳолларда инфекцион ёки бактериал пневмония билан ишлашимизга тўғри келади. Унинг ривожланишига альвеолаларнинг ичида яллиғланишни келтириб чиқарадиган бактериялар сабабчи бўлади. Нафас олиш қопчалари ичидаги зарарланган қисмларнинг ҳавоси яллиғланиш суюқлигига алмашади. Каркас — интерстиция — бунда деярли шикастланмайди, томирларнинг деворлари зич бўлиб қолади.

 Бундай пневмониянинг аломатларидан бири — ҳароратнинг кўтарилиши ва балғамли йўтал. Йўталнинг пайдо бўлиши — яллиғланиш суюқлиги альвеолалар ичида экани ва у бронхлар орқали ташқарига чиқиши билан изоҳланади. Йўтални енгиллаштириш учун муколитиклар (балғам ҳажмини оширмасдан, уни суюлтирадиган ва балғамнинг ўпкадан чиқишини енгиллаштирадиган дори воситалари) тайинланади. Ҳароратнинг кўтарилиши айнан бактериал яллиғланиш билан боғлиқ. Шу тарзда организмимиз касаллик қўзғатувчиларини — бактерияларни йўқ қилади. “Душман” йўқ қилиниши билан, аҳвол яхшиланади, одам соғаяди.  

Инфекцион пневмония ривожланишига бактериялар сабабчи бўлгани учун, уни даволашда антибиотиклар бирламчи препаратлар ҳисобланади. Зарурат бўлганида, дориларни уй шароитларида эмас, балки стационарда томчилатиб киритиш қўлланади.

Вирусли пневмонияда (янги коронавирусли пневмония унинг бир тури ҳисобланади) қон томирларининг деворлари шикастланади. Уларнинг зичлиги пасаяди. Қоннинг суюқ қисми томирлардан ташқарига чиқади ва уларнинг шишишини келтириб чиқаради. Бактериялар кейинроқ қўшилади, аммо бу ҳар доим ҳам содир бўлмайди.

Коронавирусли пневмонияда иммунитетнинг вирус таъсирига ноадекват кучли реакцияси юқори ҳарорат ва яллиғланиш сабабчиси бўлади. Йўтал қуруқ бўлади, чунки суюқлик бронхга чиқиш жойи бўлмаган интерстицияда жойлашади. Бу ҳолда балғамни суюлтирувчи препаратлар камдан-кам ҳолларда самарали ҳисобланади, у фақат бактериал инфекция қўшилганида ёки йўлдош сурункали бронхит кучайганида самара бериши мумкин.

Вирусли пневмонияда антибиотик иккинчи даражали дори ҳисобланади. Зарур бўлганида, у даволашнинг биринчи босқичида эмас, балки кейинроқ тайинланади.

Суюқликни вена ичига киритиш ўпка тўқималарида шишнинг катталашишига олиб келиши мумкин. Кўз олдингизга ёрилган шлангни келтиринг, нариги томондан катта босимда сув юборишяпти. Унинг атрофида кўлмаклар кескин кўпая бошлайди. Ўпкада ҳам худди шундай жараён юз беради,

- дея изоҳ берди мутахассис.

    Бошқа янгиликлар