АсосийЖАМИЯТ

Бугун ўзбек миллатининг ғурури Равшан Эрматовнинг туғилган куни. У 43 ёшни қарши олмоқда

Бугун ўзбек футболини том маънода жаҳон аренасига олиб чиққан, ўз вақтида жаҳон ва 5 карра...

'Бугун ўзбек миллатининг ғурури Равшан Эрматовнинг туғилган куни. У 43 ёшни қарши олмоқда'ning rasmi

Бугун ўзбек футболини том маънода жаҳон аренасига олиб чиққан, ўз вақтида жаҳон ва 5 карра Осиёнинг энг яхши ҳаками дея эътироф этилган – Равшан Эрматов 43 ёшни қарши олмоқда.

Равшан Эрматов – бу ном 2010-йили ЖАРда ўтказилган Жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувига қадар дунё футболи учун нотаниш эди. Аммо, Эрматов ўша йилнинг 11-июн куни мезбон ЖАР ва Мексика футболчилари ўртасидаги мундиалнинг илк ўйинини бошқариши билан футбол оиласидагиларнинг эътирофига ва мухлисларнинг тилига тушди.
Учрашув давомида ўзбек ўғлони жуда нозик вазиятларда тўғри қарор чиқариб, ФИФАдагилар ишончини қозона олди. Шундан сўнг Эрматовга ЖЧ-2010да яна 4та муҳим учрашув ишониб топширилди. Бу билан ҳамюртимиз ўзига хос рекорд соҳибига айланди – бир жаҳон чемпионатида энг кўп ўйин бошқарган кам сонли ҳакамлар сафига кирди.



Равшан Сайфиддинович Эрматов 1977-йилнинг 9-августида Тошкент шаҳрида таваллуд топди. Унинг отаси Сайфиддин Эрматов болалар мураббийи ва футбол ҳаками сифатида ўз номига эга инсон.
Равшан Эрматов футболчи бўлиш орзусида шуғулланди, аммо 17 ёшлигида олган оғир жароҳат туфайли футболчилик фаолиятини жуда эрта якунлашига тўғри келди. Шундан сўнг, болалар футболида отасига ёрдамчилик қила бошлади. Шундай кунларнинг бирида тасодифан навбатдаги учрашувга кела олмай қолган ҳакам ўрнида ишлаб, ҳакамликка қадам қўйди.

Аста-секин футбол учрашувларини бошқариб, бора-бора Олий лига даражасига кўтарилди. 2003-йилдан эътиборан унинг халқаро фаолияти бошланди.

У 2014-йили Бразилияда ўтказилган мундиалда 4 та, 2018-йили Россияда ўтказилган мундиалда 2 та учрашувни бошқариб, жами 11 та ўйинда ишлаган ягона ҳакам сифатида “Гиннес рекордлари китоби”дан жой олди.

Равшан Эрматов 2011-йилда Халқаро футбол тарихи ва статистикаси уюшмаси томонидан “Жаҳоннинг энг яхши ҳаками” дея эътироф этилган. 2012-йилда эса, жаҳонга машҳур футбол бўйича Worldreferee.com  сайти томонидан ҳам энг яхши ҳакам номига лойиқ кўрилган. 2015-йилда ҳар йили Дубайда ўтказиладиганGlobe Soccer Awards йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросимида яна бир бор “Жаҳоннинг энг яхши ҳаками” номига сазовор боʻлди.

Равшан Эрматовнинг бу каби ютуқлари давлатимиз раҳбарияти томонидан ҳам эътироф этилиб, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланди.

2019-йилда Равшан Эрматов Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президентлигига сайланди. Шу билан унинг Ўзбекистонда футболни янги босқичга олиб чиқишдаги фаолияти бошланди.
Ҳукуматимиз томонидан Равшан Эрматовга катта ишонч билдирилиб, 2020-йилда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Фурсатдан фойдаланиб, Равшан  Эрматовни бугунги таваллуд айёми билан самимий муборакбод этамиз.

 

    Бошқа янгиликлар