2020-йил 7-августда ҳукуматнинг “2025-йилда Ўзбекистонда ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги маълум қилди.
Маълумки, Осиё Олимпия кенгашининг 2019-йил 28-сентябр куни Қатарнинг Доха шаҳрида бўлиб ўтган 73-Ижроқўми йиғилишида Тошкент шаҳрида 2025-йил ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказишга розилик билдириш тўғрисида қарор қабул қилинганди.
Қарорга мувофиқ, мазкур нуфузли мусобақани юқори савияда ўтказиш мақсадида ташкилий қўмита таркиби ҳамда чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Шунингдек, илғор давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, Осиё ўйинларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ вазифаларни тизимли амалга ошириш мақсадида Миллий Олимпия қўмитаси ҳузурида “Тошкент–2025” ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш дирекцияси тузилади.







