Ливан бош вазири: " Мамлакатдаги коррупция ҳукуматдан кучли бўлиб чиқди"

ДУНЁ 11.08.2020, 23:45
Ливан бош вазири: " Мамлакатдаги коррупция ҳукуматдан кучли бўлиб чиқди"

Ливан ҳукумати 4 август куни Байрутда содир бўлган кучли портлаш ва унинг ортидан юзага келган оммавий норозилик намойишлари туфайли истеъфога чиқди. Ўзининг хайрлашув баёнотида бош вазир «коррупция тизими Ливан давлатидан кучлироқ» келганини таъкидлади. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

Ливан бош вазири Ҳассан Диаб мамлакат ҳукумати истеъфога чиқишини маълум қилди. Ҳукумат раҳбариятининг ушбу қарори Байрутда президент истеъфосини ва эрта сайловларни ўтказишни талаб қилган аҳоли норозиликлари бошланганидан кейин қабул қилинган. 

«Коррупция натижасида юзага келган ушбу қўзғолон давлатдан ҳам кучлироқ», — деди Диаб телевидение орқали берган баёнотида. Шу билан бирга, бош вазир ушбу қадам Ливан ички сиёсий муаммоларига ечим топишига ва ёрдам беришига умид билдирди.

Эслатиб ўтамиз: 4 август куни Ливан пойтахтида рўй берган кучли портлаш оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони 200 нафардан ошди, 6 мингдан ортиқ киши турли даражада тан жароҳатлари олган. Ҳодисага 2015 йилда Байрут божхонаси ходимлари Россияга тегишли кемадан мусодара қилиб олган, ўтган давр мобайнида Байрут порти омборида сақлаб келинган 2750 тонна аммиакли селитра сабаб бўлгани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, портлашдан етказилган жами зарар қамрови 15 млрд АҚШ долларига тенг бўлган ва портлаш натижасида 300 мингдан ошиқ аҳоли уйсиз қолган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1