Украинанинг Запороже шаҳрида Россия ҳарбийлари томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужуми оқибатида 20 киши, жумладан, уч нафар бола ҳалок бўлди. Яна 18 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 10 октябрь куни тонгда Россия ҳарбийлари шаҳарга бошқарилувчи авиабомбалар билан зарба берган. Ҳужум оқибатида беш қаватли турар жой биносининг бир подъезди вайрон бўлган. Шунингдек, атрофдаги бошқа бинолар ва уйларга ҳам зарар етган.
Қутқарувчилар вайроналар орасидан бир аёлни тирик ҳолда олиб чиқишган. Бир неча кишининг тақдири ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳужумга муносабат билдириб, уни АҚШ томонидан Россия дизел ёқилғиси экспортига нисбатан санкциялар юмшатилгани билан боғлади.
"Бугун Россия Запорожедаги турар жой биноларига бешта авиабомба ташлаб, дизел экспортига нисбатан санкциялар олиб ташлангани учун миннатдорчилик билдирди. Бу тун Россияга босимнинг ҳар қандай юмшатилиши урушни давом эттириш ва шаҳарларга бомба ташлаш мумкинлиги ҳақидаги сигнал сифатида қабул қилинаётганининг яна бир тасдиғи бўлди", — деди Зеленский.
Унинг таъкидлашича, Россия урушни тўхтатиш зарурлигини англаши учун ўз ҳаракатлари оқибатида йўқотишларга дуч келиши керак.
Россия томони ҳужум юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, 9 октябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилган. Шундан сўнг Россия дизел ёқилғиси экспортига нисбатан санкциялар юмшатилгани маълум қилинган. Трамп икки давлат раҳбарлари АҚШ ва бошқа мамлакатларга дизел ёқилғиси етказиб бериш масаласида келишувга эришганини билдирган.
Шу билан бирга, Майамида Украина, Европа ва АҚШ делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтган. Учрашувлар икки кун давом этиши режалаштирилган бўлса-да, белгиланган муддатдан олдин якунланган.






