Россиянинг Иркутск вилоятида ўлатга қарши илмий-тадқиқот маркази ходимининг пневмониядан вафот этиши сабаби ҳозирча аниқланмаган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳодиса билан боғлиқ касаллик юқиши давом этаётганига далил топилмаганини ва Россияда ўлат ҳолатлари қайд этилмаганини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, лаборатория ходими 2 октябрь куни номаълум сабабга кўра пневмониядан вафот этган. Шундан сўнг Россия расмийлари марҳума билан алоқада бўлган қарийб 200 кишини карантинга олган. Ҳодиса ижтимоий тармоқларда хавотирларга сабаб бўлган.
ЖССТ маълумотларига кўра, марҳума ва у билан алоқада бўлган шахслардан олинган намуналарда текширилган хавфли патогенлар аниқланмаган. Шунингдек, марҳума билан алоқада бўлган одамларда касаллик аломатлари кузатилмаган, у билан боғлиқ бошқа оғир пневмония ҳолатлари ҳам қайд этилмаган.
“Бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, ЖССТ ушбу ҳодиса билан боғлиқ касаллик юқиши давом этаётганига далил топмади. Бироқ марҳум лаборатория ходимига аниқ ташхис қўйилмагани асосий ноаниқлик бўлиб қолмоқда”, дейилади ташкилот баёнотида.
Россия расмийлари марҳума зарур эмлашлардан ўтганини ва унинг организмида лабораториядаги фаолияти билан боғлиқ микроорганизмлар аниқланмаганини билдирган.
8 октябрь куни Россия расмийлари марҳума билан алоқада бўлган барча шахсларни тиббий текширувдан ўтказиш якунланганини маълум қилган. Шунингдек, ЖССТга белгиланган тартибда барча зарур маълумотлар тақдим этилгани айтилган.
COVID-19 пандемиясидан кейин халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотлари сабаби номаълум пневмония ҳолатларини алоҳида кузатиб келмоқда. Бироқ айрим ҳолларда касалликнинг аниқ сабабини белгилаш имкони бўлмайди.






