Туркиянинг Маниса вилоятида сайёҳлик автобуси юк машинаси билан тўқнашиши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, яна 27 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Маниса вилояти губернаторлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, ЙТҲ бугун, 11 октябрь куни соат 11:11 атрофида Гебзе–Орҳангази–Измир автомобиль йўлининг Оқҳисор тўлов пунктлари яқинида содир бўлган. Бурса шаҳридан Измир томон ҳаракатланаётган автобус юк машинаси билан тўқнашган.
Ҳодиса жойига тиббиёт, ёнғин-қутқарув, полиция ва фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари етиб борган. Транспорт воситаларида қисилиб қолган жароҳатланганлар қутқарувчилар ёрдамида олиб чиқилган. Улар тез ёрдам машиналарида Оқҳисор ва Маниса шаҳарларидаги шифохоналарга етказилган.
Дастлаб ҳодиса оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган. Кейинчалик қурбонлар сони 11 нафарга етгани маълум қилинган.
Туркия ички ишлар вазири Мустафа Чифтчи ҳам ҳодиса юзасидан баёнот бериб, ҳалок бўлганлар сони 11 нафарни ташкил этганини тасдиқлаган. У марҳумларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган.
Ҳозирда ЙТҲ сабабларини аниқлаш юзасидан текширув олиб борилмоқда. Ҳодиса туфайли автомобиль йўлида ҳаракат бир муддат деярли тўхтаб қолган. Кейинчалик транспорт воситалари ҳаракати назорат остида бир қатнов бўлаги орқали тикланган.






