АсосийJamiyat

Дорихоналар тақчил бўлган дориларни қимматга сотишда давом этмоқда

'Дорихоналар тақчил бўлган дориларни қимматга сотишда давом этмоқда'ning rasmi

Коронавирус инфекциясининг кўпайиши натижасида одатий иситма туширувчи, вирусларга қарши, иммунитетни оширишга мўлжалланган одатий дорилар мавжуд бўлган дорихоналарда турнақатор навбатлар юзага келган бўлса, даволаниш учун зарур бўлган дори-дармонлар эса оширилган нархда сотилган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг маълумотига кўра, агентлик томонидан  карантин  бошланган даврдан буён дори воситалари нархи ошиб кетишининг олдини олиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

НАТИЖАДА

  1. Республика бўйича 3000 дан ортиқ дорихона раҳбарлари ва ходимларига расмий огоҳлантириш хатлари берилган.
  2.  500 га яқин дорихоналарда  Агентлик томонидан мониторинг кузатувлари ўтказилган. 

 

МОНИТОРИНГ НИМАНИ КЎРСАТАДИ?

Дорихонада мавжуд эмас: Рибавирин таркибли (вирусга қарши восита) “Визавирин” (Ҳиндистон), Ритонавир ва Лопинавир таркибли (вирусга қарши восита) “Алувиа” (Германия), “Лопинавир/Ритонавир” (Ҳиндистон), Апиксабан таркибли (тўғридан-тўғри таъсир этувчи антикоагулянт, Ха. коагуляцион омилининг селектив инхибитори) “Эликвис” (АҚШ) дори воситалари.

  • Республика бўйича ўрганилган дорихоналарнинг 14 тасида (Тошкент ш., Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилояти) Умифеновир (вирусга қарши восита) таркибли “Арбидол” (Россия) ва “Арпефлю” (Белоруссия) дори воситаси мавжудлиги ҳамда уларнинг қолдиқ захираси камлиги (605 қути) кузатилди.
  • ўрганилган дорихоналарнинг фақат 3 тасида (Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Тошкент вилояти) Гидроксихлорохин таркибли (малярияга қарши восита) “Плаквенил” (Испания) дори воситаси борлиги ва улардан ФАҚАТ 12 қути қолганилиги кузатилди.

 

Препаратларни етказиб берувчи ХОРИЖИЙ КОМПАНИЯЛАР

НИМА ДЕМОҚДА?

Дори-дармонлар таъминоти ҳолати ўрганилганда, чет эл ишлаб чиқарувчиларнинг ваколатхоналари маълумотларига кўра, аҳоли талаби юқори бўлган ва сўнгги ойларда дорихоналарда кескин танқислиги юзага келган Арбидол, Плаквенил ва Клексан номли дори воситалари июль ойида 29,1 минг, август ойида 81,6 минг қути Арбидол дори воситаси импорт қилинган. Маълумотларга кўра, Арбидол дори воситасининг нархи дозаси ва қутисига қараб, йил бошига нисбатан ўртача 2,2-13,5 АҚШ долларидан 1,8-12 АҚШ долларигача пасайганлиги маълум бўлди.

Плаквенил ва Клексан дори воситалари июль ойида Ўзбекистон Республикасига импорт қилинмаган бўлса (тақчил бўлганлиги сабабли), август ойида 1 минг қути Плаквенил ва 42, 9 қути Клексан дори воситалари олиб кирилди ва дорихоналарга етказиб берилди.Ушбу маҳсулотларнинг улгуржи нархлари (йил бошига нисбатан ўзгариши) таҳлил қилинганда, Плаквенил дори воситасининг импорт нархи қутиси учун 21,0 АҚШ долларида сақланиб қолган. Клексан дори воситасининг ўртача импорт нархи қутиси учун 4,2-37,44 АҚШ долларидан 4,7-44,2 АҚШ долларигача ошган.

ИНТЕРНЕТ ОРҚАЛИ СОТУВНИ АМАЛГА ОШИРИШ

Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган ахборотларга кўра, аҳоли талаби юқори бўлган айрим дори воситалари дорихоналардан ташқарида ва бошқа йўллар билан қиммат нархларда сотилаётганлиги қайд этилмоқда. Хусусан, Плаквенил (гидроксихлорохин) каби дори воситаси дорихоналардан ташқарида 500 минг сўмдан 1 миллион сўмгача сотилаётган бўлса (ваҳоланки барча харажатлар ва савдо устамалари билан қўшиб ҳисобланганда ушбу дори воситасининг энг юқори чакана нархи 410 минг сўмдан ошмаслиги керак), чакана нархи 405 000 сўмдан ошмаслиги лозим бўлган Клексан (эноксапарин) 4000  ХА МЕ дозали дори воситаси дорихоналар ва ундан ташқарида 2,4 млн сўмгача нархларда сотилмоқда. Ёки, Белорусияда ишлаб чиқарилган Гепарин дори воситаси ҳам дорихоналарда қутиси учун 400 000 сўмдан реализация қилинмоқда, унинг чекланган чакана нархи 135 000 сўмни ташкил этади.

Агентликнинг ҳудудий тузилмалари томонидан 30 та дорихонада ўтказилган текширишлар давомида  қуйидагилар маълум бўлди:

  1. 9 та (Тошкент ш. Жиззах, Самарқанд, Тошкент в.) ҳолатда белгиланган устамаларни 20 фоиз ўрнига 93 фоизгача қўлланилган.
  2. 6 та (Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё в., Тошкент ш.) ҳолатда яроқлилик муддати ўтган, рўйхатдан ўтмаган ва кирим ҳужжати мавжуд бўлмаган дори воситаларини реализация қилиш ҳолатлари аниқланган.
  3. 12 та дорихонага белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатма берилган (чора кўрилган) ҳамда лицензия шартларини қўпол равишда бузганлиги учун белгиланган тартибда лицензиясини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига тўпланган ҳужжатлар юборилди.

ЧЕК ТАҚДИМ ЭТИЛМАСЛИГИГА САБАБ НИМА?

Шунингдек, истеъмолчилар мурожаатларини ўрганиш давомида ва Агентлик томонидан олиб борилган мониторинг натижасида дори воситаларини товар чекисиз сотиш ҳолатлари аниқланмоқда. Дорихоналар аксарият ҳолатларда дори воситалари нархларини яшириш мақсадида товар чекини беришмаётганлиги кузатилмоқда. Бу ўз навбатида дори воситаларини қиммат нархларда сотиш ҳолатларини аниқлашни қийинлаштирмоқда.

Бугунги кунда дорихоналарни лицензиялаш тартиби тўғрисида низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, товар  чеки бермаслик лицензияни бекор қилиш учун асос бўлган қўпол бузилишлар сифатида таснифлашни назарда тутувчи қарор лойиҳаси тайёрланди.

Агентлик COVID-19 ни  даволашга ишлатиладиган дори нархларни ўрганиш бўйича ишларни давом эттирмоқда, шунингдек нархларни ҳаддан ташқари оширганлик бўйича текширувлар ўтказмоқда.

Агентлик барча истеъмолчиларга дорихона ходимидан дори воситаларини сотиб олишдан олдин мувофиқлик сертификатини талаб қилиш ҳуқуқига эканликлар, шунингдек, назорат-касса ва товар чеки  беришни талаб қилиш зарурлигини эслатиб ўтади. Дори-дармонларни қабул қилиш вақтида шифокорнинг фармацевтга ёзма мурожаати – рецептни сақлаш тавсия этилади.

Бу борада истеъмолчилик ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда Агентликнинг 1159 қисқа рақамли ишонч телефони,  www.consumer.uz. веб-сайти, ёки info@consumer.uz. электрон манзилига мурожаатингизни юборишингиз мумкин.

    Бошқа янгиликлар