Норвегиянинг энг йирик банки DNB сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтирмоқда. Шу сабабли банк қарийб 400 нафар ходимини ишдан бўшатишни режалаштирмоқда.
Қайд этилишича, қисқартиришлар банкнинг “Technology & Services” бўлинмасида амалга оширилади.
DNB айрим аввал қўлда бажарилган вазифаларни сунъий интеллект агентлари ёрдамида бажаришни бошлаган.
Банк бош директори Кьерстин Броатеннинг айтишича, сунъий интеллект ходимларнинг ишлаш усули ва мижозларга хизмат кўрсатиш жараёнини ўзгартирмоқда. Шу сабабли банк “янги воқелик”ка мослашмоқда.
Маълум қилинишича, ходимларни қисқартириш жараёни 2026 йилнинг сўнгги уч ойида якунланиши режалаштирилган. Бу билан боғлиқ харажатлар 2027 йилнинг иккинчи чорагида ҳисобга олинади.
DNB сўнгги даврда сунъий интеллект агентлари ва рақамли ечимларга инвестицияларни оширган. Банк бу технологиялар орқали айрим мунтазам вазифаларни автоматлаштиришни мақсад қилган.
Хабарлар ортидан DNB акциялари қарийб 1 фоизга қимматлашган.






