Кореядан Ўзбекистонга таътил олиб келган эдим. Кореяга киришга рухсат берилгач, қайтиб кетиш учун қандай жараёнлардан ўтишим керак?
Ушбу саволга бугун АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда иштирок этган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов қуйидагича жавоб қайтарди:
" Пандемия даврида Корея Республикаси ҳудудига киришга рухсат олиш учун мазкур давлатга киришдан олдин 14 кунлик мажбурий карантин талабларига риоя қилиш бўйича розилик битимида иш берувчи билан келишган ҳолда карантин манзилини кўрсатиш шарт. Карантин манзили ID картадаги охирги кўрсатилган манзилга яқин ҳудудда бўлиши талаб этилади. Шунингдек, бу маълумотларни таътилга келган фуқаролар учун очилган “@tatil2020” телеграм манзилига корейс тилида юборишингиз сўралади.
Бундан ташқари, иш берувчи билан мунтазам алоқада бўлиб туриш ҳамда (www.eps.go.kr сайтидаги) шахсий кабинет маълумотларини текшириб бориш тавсия этилади. Шахсий кабинетдаги маълумотлар ўзгарса, яъни меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан бекор қилинган тақдирда, бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига хабар беришингиз сўралади.
Меҳнат шартномаси бекор қилинган ва виза амал қилиш муддати тугамаган фуқаролар шартнома рад этилган кундан бошлаб 1 ой муддатда Корея Республикасига кириб бориши ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кореядаги ваколатхонасига (+8270 4252 2772) мурожаат этиши лозим.
Шунингдек, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тавсия қилинган тиббиёт муассасаларида жўнаб кетишдан 48 соат олдин коронавирусга тест топшириш белгиланган. Агар фуқарода Корея ҳудудига кириб боргач коронавирус инфекцияси аниқланса, у махсус даволаниш муассасасида ўз ҳисобидан даволанади.
Фуқаро томонидан нотўғри маълумотлар берилиши унинг Корея Республикаси ҳудудига кириши учун тақиқ қўйилишига сабаб бўлиши мумкин."






