Тошкент вилояти Бекобод тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари М.Б. 5000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтида қўлга тушди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб хабар қилган.
Қайд этилишича, М.Б. 19 август, чоршанба куни Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳибсга олинган.
Туман ИИБ бўлим бошлиғининг муовини қидирувда бўлган шахснинг ушбу мақомини бекор қилиш учун 5000 доллар миқдорида пора сўраган.
ИИО ходимига нисбатан жиноят иши очилган, бироқ ишнинг Жиноят кодексининг қайси моддалари бўйича олиб борилиши хусусида маълумот берилмаган. Ҳолат юзасидан тергов жараёни давом этмоқда.






