“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ҳудудий бошқарма масъул ходимлари 297,8 млн сўмлик қувур ва қора металларни талон-торож қилишди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Келтирилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ромитан туман бўлими томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, бошқармага қарашли Сув таъминоти ва канализация цехи ҳамда ҳудудий участкаларнинг товар-моддий бойликлар бўйича жавобгар шахслари Н.Б.
ва Б.У.лар томонидан ўзининг ихтиёрида бўлган товар-моддий бойликларни сақлаш ва сарфлашда ички тартиб қоидаларига риоя қилмасдан, ишониб топширилган жами 297,8 млн сўмлик қувур ва иккиламчи қора металларни талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жавобгар шахс Н.Б. ва Б.У.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






