Хабарингиз бор сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиль нархлари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ташаббуси ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори кенг муҳокама қилинаяпти. Сўнгги вазиятга кўра, комиссия томонидан машиналар нархларини тушириш бўйича берилган кўрсатмага жавобан "UzAuto Motors” АЖ айни пайтда автомобилларнинг нархларини тушириш имконсиз эканлигини маълум қилди.
Айни пайтда бир гуруҳ депутатлар “UZAUTOMOTORS” масаласида коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорига депутатлик сўрови киритишди. Бу ҳақда Расул Кушербаев маълум қилди:
"Бир гуруҳ депутатлар Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ваколат доирасида “UZAUTOMOTORS” АЖда ўтказилган текширув якунлари бўйича олинган маълумот ва ҳужжатларда қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши, коррупцион ҳолатлар ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига путур етказиш каби аломатлар кўринаётганлиги сабабли мазкур масалани алоҳида ўрганиб, жиноят аломатлари бор ёки йўқлиги юзасидан ҳуқуқий бахо бериш ва ваколат доирасида чоралар кўриш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорига депутатлик сўрови киритишди.
Депутатлик сўрови депутатлар Расул Кушербаев, Дониёр Ғаниев, Нодир Жумаев, Бекмирза Эшмурзаев, Зафар Жалолов, Анвархон Темировлар томонидан имзоланиб, юборилган"