Бугун Тошкент шаҳар Сергели тумани 9-қурилиш ҳудудида 1680 ўринга мўлжалланган 331-сонли мактабнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидлаш лозимки, бу сўнгги йилларда қурилган энг катта қувватга эга мактаблардан бири ҳисобланади. Мазкур мактабни қуриш жараёнида Президент мактаблари, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослашган мактабларининг қурилиш тажрибасидан фойдаланилди.
Мактаб шинам ва сифатли мебеллар, ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютерлар, зарур адабиётлар ва кўргазмали қуроллар билан тўлиқ таъминланган. Бу ерда ўқувчиларнинг замонавий талаблар даражасида билим олиши учун барча шароит яратилган.
Тўрт қаватли мактабда 48 та синф хонаси, шу жумладан 20 та фан хоналари, 14 та бошланғич синф хоналар ва 14 та чет тили синфл хоналари, тўлиқ жиҳозланган компьютер хонаси, кимё, биология ва физика лабораториялари, шунингдек қизлар ва ўғил болалар учун алоҳида жиҳозланган технология хоналари ҳамда электрон кутубхона мавжуд.
Халқ таълими вазирлиги томонидан мазкур мактабда таълим сифатини таъминлаш мақсадида Тошкентдаги энг талаб юқори бўлган мактаб директорлари орасида танлов ўтказилиб, номзодлар Кузатув кенгашлари томонидан танлаб олинди ҳамда ўқитувчилар эса тест синовлари асосида ишга қабул қилинди. Тест синови натижасига кўра энг юқори балл тўплаган 65 нафар ёш, билимли ва ташаббускор педагоглар ишга қабул қилинди.
Туман аҳолиси учун янги ўқув жойлари ва шароитларни яратиш билан бир қаторда, ушбу мактабда ўқитувчилар ва бошқа соҳа ходимлари учун қўшимча иш ўринларини яратмоқда, уларнинг аксарияти ушбу ҳудуддаги янги қурилган кўп қаватли биноларда яшайди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Сергели туманида 4 янги мактабнинг қурилиши бошланган эди. Ҳозирда уларнинг учтаси, яъни 329-, 330-, 331-сонли умумий ўрта таълим мактаблари фойдаланишга топширилди.






