Карантин даврида фуқаролар Олий Мажлис Сенатининг виртуал қабулхонаси ҳамда Сенат Раисининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ҳам мурожаат йўлламоқда.
Таъкидлаш жоизки, парламент юқори палатасида фуқаролар мурожаати билан ишлаш тизимининг аниқ механизми йўлга қўйилган бўлиб, Сенат аъзолари халқ билан бевосита мулоқот қилиш орқали ҳудудлардаги реал ҳолат билан танишмоқда, муаммо ва камчиликларни ҳал этмоқда.
Яқинда жиззах вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро М.Шунк Олий Мажлис Сенатига ижтимоий тармоқ орқали мурожаат йўллаб, 3 йил давомида даволаниб келаётганлиги, 11 маротаба жарроҳлик амалиётини ўтказгани ва охирги 11-жарроҳлик амалиётидан кейин аҳволи оғирлашиб қолганлигини қайд этган. Шифокорларнинг нотўғри жарроҳлик амалиёти туфайли бундай аҳволга тушиб қолганини таъкидлаган.

Куни кеча Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов Жиззах вилоятида бўлиб, ушбу мурожаатни ўрганди. Фуқаро М.Шункнинг ҳолидан хабар олиб, унинг муаммоларини бартараф этиш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатма берди. Шунингдек, кейинги жарроҳлик амалиёти ўтказилиши ва ижтимоий қўллаб-қувватланишида кўмак берилди.
Мазкур масала сенатор томонидан назоратга олинди, деб хабар бермоқда Олий Мажлис сенатининг ахборот хизмати.






