“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси билан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК томонидан гиламлар ҳақида ҳикоя қилувчи “Гиламлар – тарих пояндози” номли ҳужжатли фильм тасвирга олинди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар берди.
Ҳужжатли фильм режиссёри Александр Гамиров, сценарий муаллифи Мавлуда Тошпўлатова, оператор Умид Маликов, фильм директори Гулнора Абдураҳимова. Унда гиламдўзлик санъати қадимий артефакт сифатида, бугунги кунда ҳам сақланиб, анъанага мувофиқ давом этиб келаётган санъат тури кўринишида очиб берилади.
Тасвирга олиш жараёнлари Ўзбекистоннинг гиламдўзлик ривожланган ҳудудларида, шунингдек, Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида жойлашган “Хива Ичан-Қалъа Давлат қўриқхона музейи”, “Ҳунарманд музейи”, “Хива амалий санъат ва хўжалик музейи” ҳамда “Хоразм гиламлари” цехида бўлиб ўтди. Бундан ташқари, фильмда гилам тўқиш, ипак ва жун ипларнинг бўялиши, табиий бўёқларнинг тайёрланиш жараёни акс эттирилган. Шунингдек, Ўзбекистон музейлари фондида сақланаётган гиламлар ҳамда архив фото, видео материаллардан фойдаланилган. Фильм ижодкорлари Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам суратга олиш ишларини олиб боришган.






