Aфсуски, 2020-йил 22-август халқимиз учун аянчли кун сифатида тарих саҳифаларидан жой олди. Ушбу куни Бухоро вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Жамолович Камолов оламдан ўтди. Унинг вафоти халқимиз учун ниҳоятда оғир йўқотиш эканини чуқур қайғу ила изҳор қиламиз.
Барчамиз учун қадрли инсон бўлган Карим ака Камолов тарихий шахс эди. Донишмандлиги, меҳнаткашлиги, узоқни кўра билиши ва камтарлиги билан у катта обрў-эътиборга эга бўлди.
Карим Жамолович ўз ҳаёти ва тақдирини жонажон Бухоро халқига бағишлади. Вилоятимизда, айниқса кўҳна Бухоро шаҳрида қатор бино ва иншоотлар, истироҳат боғлари қурилиши, тарихий обидаларни сақлаш ва уларни реставрация қилиш ва бошқа қатор ободончилик ишлари борасидаги улкан ютуқларни Карим Жамоловичнинг номи билан боғламасликнинг имкони йўқ.
Эсимни таниб, сиёсий қарашларим пайдо бўла бошланганидан буён Карим акани Бухоро шаҳрининг раҳбари сифатида билганман. Шаҳар ҳокими бўлишига қарамай оддий қурувчилар билан тенг гаплашар, иш жараёнини бир пас ҳам тўхтатмаслик учун қурилиш объектларининг ўзида (алоҳида жой танламасдан қурилиш материаллари устига дастрўмол тўшаб ўтирган ҳолда) маслаҳатлашув ва муҳокамаларни олиб борар эдилар.
Карим Жамолович Камолов ўзининг адолатпарварлиги, халқчиллиги, юрт равнақи йўлидаги беқиёс хизматлари туфайли юртдошларимизнинг муҳаббатини қозонди. Бугун нафақат Бухоро, балки бутун Ўзбекистон халқи кўзида ёш билан Карим Жамолович Камолов билан видолашмоқда.
Унинг вафоти муносабати билан марказда ва жойларда халқимиз марҳум ҳақига қўл кўтариб, дуолар ўқишмоқда.
Карим Жамолович Камоловнинг порлоқ хотираси қалбларимизда абадий қолади.
Жаҳонгир Ширинов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати






