Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси жамоаси бошқарма бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Шерали Нурматов вафот этди. Бу ҳақда хабар қилган вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси марҳумнинг оила аъзоларига ҳамбардлик билдирди.
"Шерали Нурматов 1959 йилда Нишон туманида туғилди. Ўрта Осиё медицина педиатрия институтида таҳсил олди. Қарши шаҳридаги 1-сон болалар поликлиникасида шифокор, Нишон тумани марказий шифохонаси участка педиатри, Қарши шаҳридаги 2-сон болалар поликлиникасида врач-педиатр, бош врач муовини, Қарши шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими бош педиатри, бош врач муовини, Қарши шаҳар марказий шифохонаси бош врачи, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, вилоят қон хизмати бошлиғи лавозимларида самарали меҳнат қилди. 2017 йилдан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган эди.
У кўп йиллардан бери оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, қон хизмати сингари соҳаларни ривожлантириш борасида фидокорона меҳнат қилиб келаётган малакали педиатр-шифокор ҳамда раҳбар, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг фаол тарғиботчиси эди.
Шерали Нурматовнинг тизимда малакали раҳбар сифатидаги ташкилий-методик фаоллигини алоҳида эътироф этиш жоиз. У ўзига хос етакчилик ва ташкилотчилик қобилиятига эга мутахассис эди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши томонидан ўтказилган “2017 йилнинг энг яхши соғлиқни сақлаш ташкилотчиси” кўрик-танловида 1-ўринга сазовор бўлган эди.
Шерали Нурматов тиббиёт соҳасини, хусусан, педиатрияни такомиллаштиришга катта ҳисса қўшган олим ҳам ҳисобланади. 1999 йилда у “Педиатрия шохобчаларида ўткир респиратор касалликларининг диагностикаси ва даволашни такомиллаштириш” мавзуидаги номзодлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилган.
Кейинги йилларда Шерали Нурматов раҳбарлигида вилоятда оналик ва болаликни муҳофазалаш борасида бир қатор ютуқларга эришилди. Хусусан, гўдаклар ўлими кўрсаткичи 1000 туғилишга нисбатан 2017 йилда 8,5 промиллени ташкил этган бўлса, 2018 йилда 7,8, 2019 йилда эса 6,5 промиллегача камайди. Оналар ўлими эса ҳар 100 000 туғилишга нисбатан 2017 йилда 28,0 , 2018 йилда 19,7, 2019 йилда 16,9 промиллени ташкил этди.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида “Она ва бола” скрининг марказлари, кўп тармоқли марказий поликникаларда аёллар маслаҳатгоҳлари ва қизлар саломатлик марказларининг ташкил этилишида Шерали Нурматов алоҳида жонбозлик ва ташаббускорлик кўрсатди. Шунингдек, унинг ташаббуси билан Китоб тумани ва Қарши шаҳри кўп тармоқли марказий поликлиникаларида вилоятда илк маротаба “Электрон поликлиника” тизими намунавий тарзда йўлга қўйилди.
Шерали Нурматов талабчан ва куюнчак устоз сифатида кўплаб шогирдларни камолга етказишда ҳам фаоллик кўрсатди.
2020 йилда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳузуридаги “COVID-19” коронавирусга қарши кураш мувофиқлаштирувчи штаби раҳбари сифатида ташкилий тадбирларга бош-қош бўлди. Пандемиянинг мураккаб ва синовли даврларида малакали шифокор, олим ва ташкилотчи раҳбар сифатида аниқ амалий таклифлар ҳамда йўналишлар асосида ишни ташкил этди. Касалликка гумон қилинган фуқароларни стационар ва уй шароитида карантинга олиш, беморлиги аниқланган шахсларни даволаш сингари тадбирларни мувофиқлаштиришда алоҳида жонбозлик кўрсатди.
Шерали Нурматов ибратли оила соҳиби сифатида ҳам кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлган инсон эди.
Фидойи инсон Шерали Нурматовнинг хотираси ҳамиша қалбимизда сақланади.
Яқинларига чуқур ҳамдардлигимизни изҳор этамиз", - дейилади Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси жамоаси хотирасида.






