Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мирали Ҳамроевнинг Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Орадан бироз фурсат ўтиб эса хабарлар ўчирилди.
Мазкур хабарлар юзасидан вилоят ҳокимлиги расмий баёнот билан чиқиб, бу каби маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини ва асоссиз хабарлар жамоатчиликни фақат чалғитаётганини маълум қилди.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати юртдошларимизни норасмий ахборот саҳифаларида эълон қилинаётган маълумотлардан огоҳ бўлишга, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва блогерларни эса ёлғон ахборот тарқатмасликка чақиради.
Эслатиб ўтамиз, 22 август куни давлат ва жамоат арбоби, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов 65 ёшида оламдан ўтди.






