Тошкентнинг Бектемир тумани ҳокими Шоҳрух Бахтиёров Мамажонов лавозимидан озод қилинди. Сектор раҳбарлари — прокурор, ички ишлар бўлими бошлиғи ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ҳам лавозимларини тарк этди, дея хабар қилди «Газета.uz» ҳукуматдаги ахборот манбасига таяниб. Маълум қилинишича, Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов ҳам лавозимини тарк этган.
21 август куни президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда туманда ишсизлик даражаси 3,3 фоиз, шу жумладан, аёллар орасида 1,7 фоиз, ёшлар ўртасида 1,5 фоиз экани қайд этилиб, мактабгача таълим муассасалари етишмаслиги, қатор маҳаллаларда ички йўллар ҳолатининг ёмонлиги, коммунал тизимларда ҳам камчиликлар борлиги кўрсатиб ўтилган эди.






