Яқинда Жиззах давлат педагогика институтида таҳсил олаётган талаба Исломбек Пўлатов ижтимоий тармоқлар орқали олий таълим тизимидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан бир қатор идоралар, шу жумладан, Олий Мажлис Сенатига видеомурожаат йўллаган.
Куни кеча Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов Жиззах давлат педагогика институтига бориб, талаба И.Пўлатовнинг таълим олиши жараёни, қолаверса, ўқитувчиларининг у ҳақидаги фикрлари билан танишди.
Таъкидлаш жоизки, Қашқадарё вилояти Косон туманида туғилган И.Пўлатов 2017-2018 ўқув йилида Жиззах давлат педагогика институтига тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли рўйхатида туради.
Бундан ташқари, Қўмита аъзоси Х.Фозилов И.Пўлатовнинг яшаш жойига бориб, талаба билан учрашди ва суҳбатлашди. Унинг муаммоларини ўрганди ҳамда олий таълим тизими фаолиятини янада такомиллаштириш борасидаги фикрлари тинглади.
Суҳбат давомида И.Пўлатов парламент юқори палатаси томонидан унинг мурожаатига эътибор қаратилаётгани ва ижобий ҳал этилаётганига миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, сенаторлар томонидан талаба И.Пўлатовнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатма берилди ва назоратга олинди.






