Ижтимоий тармоқларда Юнусобод туманида ички ишлар органлари ходими иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ушбу ЙТҲ юзасидан ИИВ расмий изоҳ берди.
Мазкур факт бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз. 24 август куни тахминан соат 01.10 да Юнусобод тумани Юнусота кўчасида “Кобальт” русумли автомобиль ҳайдовчиси 31 ёшли Тохирхўжа А. (Тошкент шаҳар ИИББ собиқ ходими, шаҳодатлаш комиссиясидан ўтмагач, раҳбариятнинг буйруғи асосида жорий йилнинг 20 август куни ички ишлар органларидан бўшатилган) пиёдаларнинг тартибга солинмаган ўтиш жойидан онаси билан ўтаётган ёш болани уриб юборган. ЙТҲ оқибатида 2 ёшли Т.Ч. бадан шикастлари билан шифохонага етказилди. Видео:
ЙТҲнинг тахминий сабаби: тиббий экспертиза хулосасига кўра ҳайдовчи спиртли ичимлик таъсири остида бўлган ва пиёдаларни кўрмай қолган.
Расмий изоҳда айтилишича, мазкур факт асосида Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266 моддаси 1 қисми (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда олиб борилаётган тергов ишларининг якунига кўра қонуний чора кўрилади.






