Наманганда 40 ёшли А.К., 39 ёшли Р.К., 23 ёшли А.К., 35 ёшли Б.Б., 33 ёшли С.А. ва 30 ёшли Ж.А., лар олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашишди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Улар 2020 йилнинг 11 август куни соат 16:00 да Наманган шаҳри И.Каримов кўчасида жойлашган автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш устахонасига келишиб, шу ерда ишловчи ўзларига олдиндан таниш бўлган 28 ёшли Ш.Қ., дан 95.000.000 сўм қарзини беришни талаб қилишади. Ҳеч бир сабабсиз уни уриб дўппослаб, Ш.Қ.,ни “Jentra” сига юклаб, ўғирлаб кетишада.
Наманган шаҳри, Зиёнур кўчасида жойлашган қурилиши тамомланмаган бинога олиб боришиб, у ерда Ш.Қ.га соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, уриб-дўппослаб ёнидаги 5.000.000 сўм миқдоридаги пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “в” банди (одам ўғирлаш) ва 164-моддаси 2-қисми “б” банди (босқинчилик) ҳамда 277-моддаси 2-қисми “б” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу жиноятни содир этган барча шахслар ушланиб, жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






