Яқинда Чўлпон ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи янги бадиий фильм сценарийси “Ўзбеккино” Миллий Агентлиги Бадиий кенгаши томонидан тасдиқланди. Тез орада тасвирга олиш ишлари бошланади...
Ушбу масъулиятни вазифа ёш, умидли режиссёр Ҳусан Рашидовга ишониб топширилди. У бунга қадар ҳам тарихий фильмга қўл урган. Илк ўзбек археолог олими, маърифатпарвар, 20-аср жадидчилик ҳаракати намоёндаларидан бўлмиш Мусо Саиджоновнинг ҳаёт йўлига бағишланган "Марифатга баҳшида умр" бадиий публицистик фильмини суратга олган.
— "Марифатга баҳшида умр" фильмини шу йилнинг февраль ойида “Ўзбеккино” агентлиги раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқовга кўрсатган эдик. Шундан сўнг, у киши бизга яна бошқа жадидчилар ҳақида фильмлар яратиш ташаббуси билан чиқди. Яъни Қодирий, Фитрат, Беҳбудий, Чўлпон каби етакчи жадидчилар ҳақида туркум яратиш таклифини берди, - дейди режиссёр. — Чунки бугунда давлатимиз томонидан уларнинг меросини ўрганишга катта эътибор бериляпти, эҳтиром кўрсатиляпти. Жумладан, пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида Чўлпон хотирасига атаб ҳайкал ўрнатилди.Шу боис ҳам адиб ҳаётини ёритишга қарор қилдик ва сценарийни ёзишга киришдик.
Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ҳаёти ва ижод йўлига бағишланган бадиий публицистик жанрдаги янги фильм "Қуш эсдалиги" деб номланади. Унда Чўлпоннинг дунёга келишидан токи умрининг сўнгги кунларига қадар бўлган давр қамраб олинган.
Фильм асосан, Фарғона ва Андижон ҳамда Чўлпон иш фаолиятининг бир қисмини олиб борган Самарқанд вилоятида суратга олиниши режалаштирилган.
Чўлпон ҳақидаги фильм сценарий муаллифи Эркин Бозоров. “У жуда серқиррали ижодкор, уни сиз кўпроқ “Саид ва Саида” фильмидаги Саид Аҳмад образи орқали яхши танийсиз, актёрликдан ташқари, метафора билан айтганда, шоир ва сценаристликнинг тош кўчаларида ҳам “дайдиб юради”, дейди Ҳусан Рашидов сценарий муаллифи ҳақида.
“Чўлпон ролида қайси актёрни кўрамиз?”
Режиссёрнинг айтишича, ҳали бу масала аниқ эмас. Аввал актёрларнинг фото ва видео синовлари ўтказилади, сўнг Чўлпон образини ким яратиши ойдинлашади.
Эътироф
— Ўзбекистонда ёш кино ижодкорларга берилаётган имконият деганда бир нарса кўз олдимга келади. 2019 йил “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори ўринбосари Шуҳрат Ризаев ташаббуси билан Агентлик ҳамда Ҳиндистондаги кино мактаби ўртасидаги ўзаро келишувга асосан, Ҳинд кино мактаби грант асосида битта талабани ўқитадиган бўлди. Мен имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, уч ойлик ўқишга қабул қилиндим.
Ҳиндистонда ўқишимиз ниҳоясига етиб бораётган кунларнинг бирида, мени бир ҳинд курсдошим айтиб қолди: "Мана, ўқиш ниҳоясига етди, қўлимда диплом. Лекин қаерга бориб ишлайман?" деган эди. Ўзбекистонга қайтгач, мен ўша курсдошимнинг гапини эсладим ва иккимизнинг ҳолатимизни таққосладим. Мен ўқишни тамомлаб келганимдаёқ, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан фильм суратга олиш ишониб топширилган эди. Фарқни кўраяпсизми? Бошқа давлатларда бизда бўлгани каби талабага: “Мана сенга маблағ, бориб фильм суратга олишинг мумкин...”, деб имкон бериб қўймайди. Бундай "лотерея" фақат бизда мавжуд ва ёшлар ўз қобилиятини намоён эта олиши учун барча шарт-шароитлар бор.
Ҳозирда бир неча ёш киноижодкорларни Бутунроссия кинемотаграфия давлат институти (ВГИК)га ўқишга юбориш режаси амалга оширилмоқда. Бу барчамиз учун жуда қувонарли ҳол, деб ўйлайман.
МАЪЛУМОТ:
Ҳусан Рашидов 1992 йил 24 июнда Навоий шаҳрида туғилган. 2011-2015 йилларда Ўзбекистон давлат санат ва маданият институтида таълим олган. 2015-2019 йилларда “Илҳом” ва “Турон” театрларида актёр бўлиб фаолият олиб борган. 2019-2020 йилда Ҳиндистондаги “Academy of Film and Television” мактаби талабаси.
Кинода илк бор режиссёр Илҳом Муҳаммадибрагимовнинг "Қизларнинг жаҳли чиқди" фильмида (бош қаҳрамон – Рустам) суратга тушган. Шундан сўнг, “Унутилган бахт” фильмида Жасур, “Сарвқомат дилбарим” фильмида терговчи, “Саид ва Саида” фильмида Зокир, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ҳамкорлигида суратга олинган "Khuda khafiz" фильмида милиционерлар бошлиғи ролларини ижро этган.
Ҳусан Рашидовни режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Илҳақ” фильмидаги Зулфия аянинг тўртинчи ўғли Ваҳобжон образи томошабинларга кўпроқ танитди.

МУНИСА тайёрлади






