Аввал хабар қилинганидек, Кўксарой қароргоҳида мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрамига бағишланган тантанали тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев байрам табригида мустақиллигимизнинг тарихига ҳам тўхталди.
"Башарият тарихи шундан далолат берадики, ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади. “Ҳақ берилмас, ҳақ олинур!” деб миллат озодлиги йўлида жонини фидо қилган улуғ аждодларимизнинг буюк мақсади ҳам шу эди.
Халқимизнинг беқиёс жасорати ва матонати билан Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилигида қўлга киритилган давлат мустақиллиги ана шу асрий орзумизни амалда таъминлаган оламшумул воқеадир.
Биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда, дея таъкидлади давлат раҳбари.






