Самарқанд вилоятида бир қатор юртдошларимизнинг ишончига кириб, уй олиб беришни ваъда қилган ва уларнинг кўп миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан олиб, бермай келган шахс ушланди.
Бу Жомбой туманида яшовчи 29 ёшли С.М. исмли фуқаро бўлиб, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан кам таъминланган оилаларга Самарқанд шаҳар “Обод маскан” маҳалласи Корасув масканида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бераётганлигини айтиб, одамларга уй олишда ёрдам беришини айтган. У ҳатто ўзининг таниши 45 ёшли Ш.М.,га ҳам ушбу уйлардан 5 та уйни кредит шартлари асосида арзон нархда олиб беришини ваъда қилиб, 2018 йилнинг декабрь ойидан 2020 йилнинг март ойига қадар бўлган вақт оралиғида бўлиб-бўлиб жами 16.400 АҚШ долларини олган. Шу бўйи ҳозирги кунга қадар ҳеч қандай уй олиб бермасдан пулларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборганлиги аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Мазкур ҳолат тасдиғини топгач Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ хузуридаги Тергов бўлими томонидан 29 ёшли С.М.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Департаментнинг хабар беришича ҳозирда бу фирибгарлик иши юзасидан бошланган тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






