1

Туркиянинг Мармар денгизи ҳудуди зилзила оқибатида Греция томон силжиши мумкин

ДУНЁ 17.09.2020, 09:38
Туркиянинг Мармар денгизи ҳудуди зилзила оқибатида Греция томон силжиши мумкин

Туркиянинг Мармар денгизи бўйидаги ҳудуди кучли зилзила оқибатида Греция томон силжиши мумкин. Бу ҳудудда Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбул ҳам жойлашган.

Гап магнитудаси 7 баллдан юқорироқ бўладиган зилзила ҳақида бормоқда. Охирги вақт Туркияда у ҳақида тобора кўпроқ гапирилмоқда. Олимларнинг огоҳлантиришича, Мармар денгизи ҳудудидаги тектоник ёриқлардаги зўриқиш тобора кучайиб бормоқда ва исталган вақтда вайронкор ер силкинишлари юз бериши билан хавф солмоқда. Бунинг оқибатида 15 млн кишилик Истанбул, айниқса унинг Европадаги қисмининг марказий ҳудуди жабр кўриши мумкин. Олимлар зилзиланинг яқин йилларда юз бериши эҳтимоли юқорилигидан огоҳлантиришмоқда, бироқ замонавий фан ҳозирча у қачон юз беришини аниқ айта олмайди.

Геофизика бўйича профессор Овгун Аҳмет Эржаннинг таъкидлашича, юз беражак зилзила маркази жойлашадиган тектоник ёриқ линияси Истанбулдан ғарбдаги Тақирдоғ вилоятида, Мармар денгизининг шимолий қисми соҳилларида жойлашган.

Олимнинг айтишича, зилзила маркази соҳилдан 15 км узоқликда, Мармар денгизида жойлашиши мумкин. Зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 7,2 баллни ташкил қилади ва унинг юз бериши оқибатида юқорида тилга олинган ҳудуд Греция томон 2,5 метр силжиши мумкин.

Зилзила тахминан Истанбулнинг Осиёдаги қисмида жойлашган Буюкчакмеже жомеъ масжидидан бошланиб, Босфор бўғози остидан ўтиб, Грециянинг Салоники шаҳригача давом этадиган ёриқ пайдо бўлишига олиб келади.

Бир неча ой олдин Истанбул маъмурияти бу борада тадқиқот тайёрлаган. Унда кучли зилзила оқибатида мегаполиснинг барча 39 тумани жабр кўриши, бироқ шаҳарнинг Европадаги қисмига кўплаб эски бинолар борлиги сабабли кўпроқ талафот етиши, шу сабабли у ердаги уйларни мустаҳкамлаш зарурлиги айтилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1