АсосийДУНË

“Макка келишуви”дан хавотирланишга асос йўқ — Эрон ТИВ вакили

Эрон “Макка келишуви” Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўртасида тузилганидан хавотирда эмас.

'“Макка келишуви”дан хавотирланишга асос йўқ — Эрон ТИВ вакили'ning rasmi

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Эсмаил Бақоийнинг таъкидлашича, келишувда Теҳронни хавотирга соладиган қоидалар мавжуд эмас.

“Уч давлат — Туркия, Покистон ва Саудия Арабистони билан бизни чуқур диний, тарихий ва цивилизацион ришталар боғлаб туради. Шунинг учун ушбу келишув Эронга қарши қаратилганидан хавотирланишимизга асос йўқ”, — деди Бақоий ҳафталик матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, Эрон Туркия ва Покистон халқлари билан дўстона ҳамда маданий алоқаларга эга. Бақоий келишувни минтақадаги давлатларнинг ўз хавфсизлигини таъминлашда АҚШ ва бошқа ташқи кучларга қарам бўлиб қолмасликка интилаётганининг белгиси сифатида баҳолаган.

Келишув нимани назарда тутади?

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Саудия Арабистони Валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон ҳамда Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф 7 август куни Маккада уч давлат ўртасидаги Мудофаа соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолади.

Ҳужжат бирор давлатга қарши қаратилмаганини ва асосий мақсад минтақавий ҳамда халқаро тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш эканини белгилайди.

Келишувнинг асосий қоидаларидан бирига кўра, уч давлатдан бирига қилинган ҳар қандай қуролли ҳужум учала давлатга қилинган тажовуз сифатида баҳоланади.

Шунингдек, Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўзаро хавфсизликни қўллаб-қувватлаш, мудофаа саноатида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, қуролли кучлар ўртасидаги мувофиқликни ошириш бўйича ҳамкорликни кучайтиришни режалаштирган.

    Бошқа янгиликлар

    “Макка келишуви”дан хавотирланишга асос йўқ — Эрон ТИВ вакили - Darakchi.uz