АсосийДУНË

Францияда 420 киши ўрмон ёнғинларини келтириб чиқарганликда гумонланмоқда

Қайд этилишича, Францияда жорий йил Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери энг катта талафот келтирган ўрмон ёнғинлари кузатилмоқда.

'Францияда 420 киши ўрмон ёнғинларини келтириб чиқарганликда гумонланмоқда'ning rasmi

Францияда ўрмон ёнғинларини келтириб чиқарганликда гумон қилинган 420 киши ҳибсга олинди. Бироқ уларнинг барчаси ёнғинларни қасддан содир этгани ҳали тасдиқланмаган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд этилишича, Францияда жорий йил Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери энг катта талафот келтирган ўрмон ёнғинлари кузатилмоқда. Ёнғинлар оқибатида мамлакатда 300 минг акрдан, яъни 121 минг гектардан ортиқ ҳудуд зарар кўрган.

Маълумотларга кўра, 420 киши ёнғинларни қасддан ёки эҳтиётсизлик оқибатида келтириб чиқарганликда гумон қилинмоқда. Улар орасида 166 нафар вояга етмаган шахс ҳам бор.

Айрим ҳолатларда гумонланувчиларга нисбатан қаттиқ чоралар кўрилган.

Масалан, Франциянинг жануби-шарқидаги Вар департаментида 23 ёшли эркак беш кун давомида 10 та ёнғинни атайлаб содир этганликда гумонланмоқда. Агар унинг айби судда исботланса, у 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши ва 150 минг еврогача жаримага тортилиши мумкин.

image

Вогезлар ҳудудида эса ўрмонда учта ёнғин чиқарганликда айбланган шахс 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Шу билан бирга, айрим адвокатлар ёнғинлар билан боғлиқ ишларда ҳибсга олишлар сони ҳаддан ташқари кўп эканини таъкидламоқда.

Мутахассислар Франциядаги ўрмон ёнғинларининг аксарияти инсон омили билан боғлиқ эканини қайд этмоқда. Қурилиш ишлари, носоз электр жиҳозлари, сигарета қолдиқлари ва барбекюлар ёнғин келиб чиқишининг эҳтимолий сабаблари сифатида кўрсатилмоқда.

Шунингдек, мамлакатда ҳаво ҳароратининг юқорилиги, қурғоқчилик ва кучли шамоллар ёнғинларнинг тез тарқалишига шароит яратмоқда. Мутахассислар иқлим ўзгариши туфайли бундай экстремал ҳодисалар хавфи ортиб бораётганини таъкидламоқда.

Франция Президенти Эммануэль Макрон эса ҳозир танқид қилиш вақти эмаслигини билдирди.

"Биз иқлим ўзгаришининг янги шароитларига мослашишимиз ва ўрмонларни қайта тиклаш ёндашувимизни ўзгартиришимиз керак. Олинган сабоқларни қайта кўриб чиқиш вақти келади", деган Макрон.

    Бошқа янгиликлар

    Францияда 420 киши ўрмон ёнғинларини келтириб чиқарганликда гумонланмоқда - Darakchi.uz