Қозоғистон ҳудудида фаолият юритган ўзбекистонлик блогер Маҳмуд Ҳикматов халқаро қидирувга берилди. У "Maxa.dxb" тахаллуси билан танилган. Бу ҳақда Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 2000 йилда Ўзбекистонда туғилган Маҳмуд Ҳикматовга нисбатан Қозоғистон суди томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.
Терговга кўра, Ҳикматов Қозоғистон ҳудудида фаолият юритган 5 дан ортиқ ноқонуний онлайн-казино ишини таъминлаш, пул маблағларини қабул қилиш ва тўлаш, шунингдек, Қозоғистон фуқароларини қимор ўйинларига жалб қилиш мақсадида реклама тарқатишда гумонланмоқда.
Қайд этилишича, ноқонуний тотализаторларни тарғиб қилиш учун ташкилотчилар блогерни ҳамкорликка жалб қилган. Унга Қозоғистонда фаолият юритувчи инфлюенсерларни топиш ва улар орқали реклама контенти жойлаштирилишини ташкил этиш вазифаси юклатилган.
Агентлик маълумотига кўра, Ҳикматов 35 нафардан ортиқ блогерни ҳамкорликка жалб қилган. Улар орасида блогер Ҳамза Қ. ҳам бўлган.
Тергов материалларига кўра, Ҳамза Қ. интернет-казиноларга олиб борувчи реферал ҳаволаларни жойлаштирган ва ҳар бир фойдаланувчи ушбу ҳавола орқали ўтгани учун мукофот олган. Бундай реклама Қозоғистон фуқароларини тақиқланган қимор фаолиятига жалб қилишга қаратилгани айтилмоқда.
Маълумот учун, Ҳамза Қ. жорий йил 6 август куни Вьетнамдан Қозоғистонга экстрадиция қилинган.






