Россиянинг Татаристон Республикаси Нижнекамск шаҳрига дронлар ҳужуми оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, 39 киши жароҳатланди. Ҳудудда мотам эълон қилинди.
Татаристон раҳбари Рустам Миннихановнинг маълум қилишича, 10 август тонгида Нижнекамск шаҳрида ишлаб чиқариш ва фуқаролик объектларига зарбалар берилган. Ҳужум оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, 39 киши жароҳатланган.
Нижнекамск мэри Радмир Беляев қурбонлар орасида бола ҳам борлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, дронлар саноат объектларидан ташқари турар жойларга яқин ҳудудларга ҳам зарба берган.
Ҳужумдан сўнг Нижнекамскдаги саноат ҳудудида ёнғин ва кучли тутун кузатилган. Айрим хабарларда шаҳардаги йирик нефт-кимё корхоналари жойлашган ҳудуд ҳам зарба остида қолгани айтилган. Бироқ расмийлар қайси объектларга зарар етказилгани ҳақида тўлиқ маълумот бермаган.
Татаристонда ҳалок бўлганлар хотирасига мотам эълон қилинди.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 16 та ҳудуди ва Россия назоратидаги Қрим осмонида 456 та Украина дрони уриб туширилган.
Жумладан, Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар ҳудудда 70 дан ортиқ дрон зарарсизлантирилганини маълум қилган. Калуга вилояти раҳбари Владислав Шапша эса 16 та дрон уриб туширилганини билдирган.
Москва мэри Сергей Собяниннинг айтишича, пойтахт томон учиб келган 18 та дрон зарарсизлантирилган.
Россия назоратидаги Севастополда эса дрон бўлаклари қулаши оқибатида Инжир пляжи ҳудудида ёнғин чиққан. Пляждаги кемпингда бўлганлар эвакуация қилинган.
Россия расмийлари ҳужумларни Украина дронлари амалга оширганини билдирган. Украина томони эса мазкур ҳужум бўйича ҳозирча расмий муносабат билдирмаган.






