1

Паркент тумани ҳокимлиги захира бюджетдан сотиб олган "Каптива" юзасидан изоҳ берилди

ЖАМИЯТ 20.09.2020, 00:34
Паркент тумани ҳокимлиги захира бюджетдан сотиб олган "Каптива" юзасидан изоҳ берилди

"Паркент тумани ҳокимлиги захира бюджетдан 269 млн сўм ажратиб, 260 млн сўмга "Каптива" русумли автомобил харид қилган". Бугун ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий интернет-нашрларда ушбу хабар кенг тарқалди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Қобулов мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди:

"Ҳақиқатан ҳам, туман ҳокимлиги "Каптива" русумли автомашина учун шу кунларда маблағ ўтказган. Воситачи корхона таъсисчиларидан бири туман ҳокимининг ўғли эканлиги ҳам тўғри. Аммо ўрганишларимиз натижасида қўшимча тафсилотлар юзага чиққач, вазият ҳақида жамоатчиликка ахборот беришга жазм этаяпман.

Ўзингизга яхши маълумки, Паркенттоғ ва тоғолди ҳудудлардан таркиб топган. Шундан келиб чиқиб, 2019 йилда туман ҳокимлиги "Каптива" йўлтанламас машинасини харид қилишни режалаштирган. Бироқ ўша вақтда туман бюджетида етарли маблағ бўлмагани туфайли, туман ҳокимининг фарзанди, яъни "MEGA KARER" МЧЖ таъсисчиларидан бири отаси фойдаланиши учун мазкур машинани бериб турган.

Оғзаки келишувга кўра, туман бюджетида етарли маблағ бўлган пайтда пул ўтказиб бериладиган бўлган. Яъни машина туман ҳокимлиги ихтиёрига берилган пайтда янги бўлган. Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, тўлов қобилияти шаклланганидан кейин бу маблағлар фирмага баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланган нархга кўра ўтказиб берилган.

Янаям аниқроқ айтганда, туман ҳокимининг фарзанди туман ҳокимлигига янги "Каптива"ни кейинроқ тўлаб бериш шартига рози бўлган ҳолда топширган. Қариндош-уруғчилик риштасидан, бу ўринда, манфаат кўзда тутилмагани, қайтага автомашинани реал нархидан паст баҳога харид қилинганига эътибор қаратишингизни истардим".

Қобуловнинг ёзишича, пандемия даврида Паркентда маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ коронавирусга қарши курашиш мақсадига йўналтирилган (дори-дармон захираси, керакли жиҳозлар учун). Шунингдек, туман СЭОМга зарур турдаги жиҳозларни харид қилишга 200 миллион сўм маблағ ажратилган. "Чанги" МФЙдаги қишлоқ оилавий поликлиникасида коронавирус касаллиги билан оғриган беморларни қабул қилишга ихтисослашган 40 ўринли захира жой тайёрланиб, керакли жиҳозлар билан таъминланди. 

Жайдари қилиб айтганда, бюджетнинг пули кўчада қолмаган ва бу борада ўта кучли назорат тизими мавжуд.

Шунингдек, маълум бўлишича, туман ҳокими Ниғмат Муҳамедов ўз ойлик маошидан жамғарган пулига 10 та сунъий нафас олиш ускунасини туман шифохонасига берган. 

"... Хулоса қилиб айтганда, бу вазиятда бюджет маблағи талон-торож бўлгани ҳақида писандалар бақувват асосга эга эмас. Қолаверса, ҳозир давлат харидлари қачон ва қаердан амалга оширилгани интернет тармоғида эълон қилинаяпти. Раҳбарнинг фарзанди таъсис этган фирма орқали техника харид қилингани – бу харид асоссиз, ўз навбатида, молиявий найранг, деб баҳолаш учун етарли асос бўладими-йўқми, деган саволга ҳар ким турлича жавоб бериши мумкин. 

Бу вазиятга ҳуқуқий баҳо берадиган, қонун бузилиши аниқланганда чора кўрадиган ташкилотлар бор...", - дейилади изоҳ якунида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1