1

Самарқандда 61 миллион сўмлик ноқонуний ун савдосига чек қўйилди

ЖИНОЯТ 20.09.2020, 23:17
Самарқандда 61 миллион сўмлик ноқонуний ун савдосига чек қўйилди

Бутун жаҳонни ларзага солиб турган пандемия барчани синовдан ўтказяпти. Баъзи инсофли тадбиркорлар давлатга кўмак сифатида кам таъминланган оилаларга етарлича ёрдам кўрсатмоқда. Ўз ўрнида ҳукумат томонидан тадбиркорларга қатор имтиёзлар берилган.

Аммо баъзи “тадбиркорлар” борки, давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият кўрсатишга ҳаракат қилишади, қонунни четлаб, чўнтагини қаппайтирмоқчи бўлади. Қонуний фаолият юритаётганларга ҳалақит бериш билан бирга, давлат ғазнасига солиқ тўлашмайди. Бугунги синовли кунларда эса ғазнага тушган ҳар бир сўм коранавирус балосини енгишда муҳим аҳамиятга эга.

Ноқонуний фаолият юритаётган “тадбиркорлар” фаолиятига чек қўйиш мақсадида вилоят давлат солиқ хизмати органлари сайёр солиқ текшируви бўлимлари ходимлари томонидан текширишлар ўтказиб келинмоқда.

Zarnews.uz хабарига кўра, жорий йилнинг 18-19 сентябрь кунлари вилоят бўйича жами 15 ҳолатда фуқаролар томонидан давлат рўйхатидан тадбиркор сифатида рўйхат ўтмасдан, ноқонуний равишда ун маҳсулотларини қиммат нархларда сотаётганликлари аниқланиб, улардан далилий ашё сифатида 61 миллион сўмлик Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаларида ишлаб чиқарилган ун маҳсулотлари вақтинчалик олиб қўйилди.

Жумладан, 19 сентябрь куни Паст Дарғом тумани Қатортерак маҳалласи ҳудудида ноқонуний равишда ун маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи фуқароларни аниқлаш мақсадида текшириш ўтказилди. Ушбу маҳаллада яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқаро Э.Н. тегишли ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 97 қоп уннинг 1 қопини 185000 сўмдан, Қозоғистон Республикасида ишлаб чиқарилган уннинг 1 қопини 220000 сўмдан сотаётганлиги аниқланди. Ҳолат бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, сотувдаги 164 қоп, умумий қиймати 31 миллион 575 минг сўмлик ун маҳсулоти далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.

Давлат солиқ хизмати органлари юқоридаги каби ноқонуний савдо жараёнларига қарши курашиш борасида доимий назорат тадбирларини амалга оширмоқда. Сиз ун нархининг асоссиз оширилгани ҳолатларига дуч келсангиз, бошқарманинг 66-234-06-16 рақамли “Ишонч телефони”га мурожаат қилинг.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1