Тошкентда 41 ёшли эркак тақиқдаги машинани сотгани учун жиноят иши очилди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар бермоқда. Маълум бўлишича, 25 март куни Шайхонтоҳур туманида 41 ёшли Р.М., ўзганинг мол-мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, ўзига тегишли “Malibu-2” русумли автомашинаси банк томонидан тақиққа қўйилганлигини билган ҳолда, ушбу автомашинани 28 ёшли А.Қ., га 28.000 АҚШ долларига сотишни ваъда қилиб, автомашинада ҳеч қандай тақиқ йўқлигига А.Қ.,ни ишонтириб, унинг ишончига кириб, 28.000 АҚШ долларини қўлга киритган бўлса-да, аммо автомашинани А.Қ., нинг номига расмийлаштириш жараёнида, автомашина тақиқда эканлиги ошкор бўлганидан сўнг, аввал олган 28.000 АҚШ долларини қайтариб беришини айтиб, ваъда қилиб, автомашинани ўзи билан олиб кетиб, берган ваъдаси устидан чиқмасдан, пул маблағларини ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Р.М., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида Р.М. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. |
25.09.2020 22:50
Тошкентда тақиқдаги «Malibu-2»ни сотган шахсга жиноий иш очилди
