1

400 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратиш эвазига синф раҳбарлари учун қўшимча тўлов 1,5 баравар оширилади

СИЁСАТ 30.09.2020, 23:50
400 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратиш эвазига синф раҳбарлари учун қўшимча тўлов 1,5 баравар оширилади

Ўқитувчилар кунига бағишланган тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев синф раҳбари учун қўшимча тўлов 2020 йил 1 октябрдан 1,5 бараварга оширилишини маълум қилди. 

“Яшириб нима қилдик, кўп йиллар давомида ўқитувчига эътибор борасида сўзимиз бошқа, ишимиз бошқа бўлиб келди. Оқибатда соҳа ходимлари гўёки кераксиз ва ҳимоясиз қатламга айланиб қолди. Мактаб ўқитувчиларининг асосий вазифаси бир четда қолиб, уларни ўзларига мутлақо алоқаси бўлмаган ишларга жалб этиш чуқур илдиз олди. Янаям очиқроқ айтсак, муаллимларнинг “хўжайини” кўпайиб кетди. Бундай ножўя ишлар нафақат таълим сифатига, балки соҳа ходимларининг ўз касбига бўлган муносабатига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Қанчадан-қанча тажрибали ўқитувчилар дили оғриб, севган касбини ноилож ташлаб кетганини ҳам биламиз.

Яқин-яқингача ўқитувчи-муаллимлар, айрим жойларда ўқувчилар ҳам, тўрт ойлаб пахта йиғим-терими, чопиқ ва яганага чиқарилгани сир эмас. Натижада ўқитувчи бир ойда ўртача 80 соат дарс ўтиши керак бўлса, тўрт ойда 320 соат йўқотадиган вазият вужудга келди. Ўз навбатида, ўқувчи бир ойда 136 соат сабоқ оладиган бўлса, тўрт ойда 544 соат дарсни бой беришга мажбур бўлди.

Агар бу рақамларни ўн бир йилга кўпайтирсак, биласизми, қанча бўлади? Бу, ахир, юқори синф ўқувчилари учун белгиланган 8,5 минг соатлик ўқув дастурининг қарийб 3 минг соати – 30 фоизи далада мажбурий меҳнатда ўтди, дегани эмасми? Бошқача айтганда, бола 11 йил ўрнига атиги 7 йил ўқишга мажбур бўлди.

Яратганга шукрки, бундай салбий ҳолатлар энди тарихда қолди. Ҳамма соҳани ўз эгасига, жумладан, қишлоқ хўжалигини ҳам фермер ва кластерларга топшираётганимиз туфайли бунга эришмоқдамиз”.

“15 минг нафар эркак ўқитувчи мактабларга қайтди”

“Ўзингиз ўйланг, тўрт йил олдин бундай ўзгаришларни тасаввур қилиб бўлармиди? Жамиятда устоз ва мураббийларга қаратилаётган эътибор туфайли қарийб 15 минг нафар эркак ўқитувчи мактабларга қайтди. Аммо, шуни таъкидлаш керакки, ҳали бу борада кўзланган натижага эришганимиз йўқ. Ҳозирги кунда ҳам халқ таълимидаги педагогларнинг қарийб 70 фоизини аёл ўқитувчилар ташкил этмоқда”.

“242 минг нафар синф раҳбари учун қўшимча тўлов миқдори бир ярим баробар оширилади”

“Албатта, ҳаммамиз мактаб даврини эслаганимизда, кўз олдимизга аввало, талабчан ва меҳрибон синф раҳбаримиз келади. Нима учун? Чунки, мактабдаги ҳар бир қадамимиз мана шу азиз ва олижаноб инсонларнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигида бўлган. Ҳаётга илк йўлланмани ҳам бизга мана шу устозларимиз берган. Шу сабабли биз синф раҳбарларининг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини муносиб рағбатлантириш чорасини кўряпмиз. Хусусан, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб 242 минг нафар синф раҳбари учун қўшимча тўлов миқдори бир ярим баробар оширилади. Мазкур мақсадлар учун йиллик 400 миллиард сўмдан зиёд қўшимча маблағ йўналтирилади.

Ўрни келганда айтмоқчиманки, мен бугун имзолаган фармон билан биринчи марта 14 нафар синф раҳбари давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди”.

“Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади”

“Ўқитувчиларнинг доимий ва узлуксиз психологик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги қошидаги ҳудудий малака ошириш институтларида синф раҳбарларини тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув курсларини ташкил этиш керак.

Бугунги кунда жамиятимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг қадди, шаъни ва ғурури тикланаётгани барчамизни қувонтиради.

Айни вақтда бу ўта муҳим масала энг долзарб вазифамиз эканини алоҳида таъкидлаб, уни амалга ошириш бутун жамиятимизнинг бурчига айланишини истардим.

Фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади. Шундай экан, Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади десам, ўйлайманки, бутун халқимиз бу фикрни қўллаб-қувватлайди”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1