Гап шундаки, Хатирчи туманидаги 27 ёшли дорихона таъсисчиси 51 дона “PERGE 300 mg kapsul Pregаbalin” дорисини сақлаб келган. 2020 йил 28 майда бир фуқарога 135.000 сўм эвазига “прегабалин” моддасини сотганлиги аниқланган ва фуқародан “прегабалин” холислар иштирокида далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган...
КИМЁВИЙ ЭКСПЕРТИЗА ХУЛОСАСИГА КЎРА
Фальгаланган, юзасида “aris REGAPEN 300 mg Pregabalin” ёзувли бир дона конвалюта бўлагидаги 3 дона оқ-қизил рангли капсулаларнинг таркибида “прегабалин” моддаси бўлган. Бир дона капсуланинг таркибидаги “прегабалин” моддасининг миқдори 300 мг (0,3 грамм)ни, жами бўлиб 3 дона капсулаларнинг таркибидаги "прегабалин"моддасининг умумий соф оғирлиги 0,9 граммни ташкил қилган.
2020 йил 29 май куни Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ ҳамда вилоят ДХХ ходимлари томонидан “Қора дори-2020” тезкор профилактик тадбири давомида судланувчи такроран бир харидорга жами 42 дона капсула таркибида соф оғирлиги 12,6 граммни ташкил қилган прегабалинни 1.815.000 сўмга сотгани аниқланган.
Бундан ташқари, судланувчи Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ ҳамда вилоят ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган “Қора дори-2020” тезкор профилактик тадбир давомида Хатирчи туманидаги дорихона кўздан кечирилганида ИИВ ЭКБ марказининг 2020 йил 1 июндаги хулосасига кўра, “aris REGAPEN 300 mg Pregabalin 19081772” ёзувли бир дона конвалюта бўлагидаги 6 дона капсула таркибида “прегабалин” моддаси мавжудлиги, унинг таркибидаги модданинг соф оғирлиги 1,8 граммни ташкил қилиши аниқланган.
МАЪЛУМОТ УЧУН:
“Прегабалин” моддаси – Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сонли Қарорининг 1-илова 55-тартиб рақам билан кучли таъсир қилувчи моддаларга киришлиги кўрсатилган. “Прегабалин” моддасини Республика ҳудудида махсус рецептсиз муомалага киритиш тақиқланган.
“ҚОЛИБ КЕТГАН ДОРИДАН 3 ДОНАСИНИ 135 МИНГ СЎМГА СОТДИМ”
Судда сўроқ қилинган судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлди...
— 2019 йил апрелда Хатирчи туманида дорихона очиб, ўзим сотувчи бўлиб ишлай бошладим. Сентябрда қонунга ўзгартиришлар киритилиб “PERGE 300 mg kapsul Pregаbalin” дори воситасини сотиш тақиқлаб қўйилди. Дорихонада қолиб кетган 51 дона шу дорини сотмай омборхонага олиб қўйгандим. Дорихонага бир фуқаро келиб, оғриқ қолдирувчи “Баралгин” дорисини олиб, мижоз бўлиб қолди. 2020 йил 28 май куни ўша харидор келиб, “PERGE 300 mg kapsul Pregаbalin” дорисини сўраганида, аввалига йўқлигини айтдим. Шу доридан топиб беришимни илтимос қилавергач, қолиб кетган 51 дона ўша доридан 3 донасини 135 минг сўмга сотдим. Харидор эртаси куни қўнғироқ қилиб, “кеча олиб кетган доримдан бўлса, кўпроқ оламан”, деди. Сўнг кечга томон дорихонага келиб, 2.000.000 сўмни қўйиб, “ҳаммасига кечаги доридан беринг”, деди. 42 донасини бериб, пулидан 1.815.000 сўмни санаб олдим. 10-15 дақиқа ўтгач, дорихонага ИИБ ва ДХХ ходимлари кириб келишди, бўлган воқеани айтиб бердим. Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман.
Алишер САЙДУЛЛАЕВ, Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Кармана туман суди судьяси:
— Судланувчи ЖК 2511-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилсин ва унга шу моддага асосан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА