Бишкекда тинч бошланган парламент сайловлари 5 октябр куни кечки пайтга келиб жиддий тўқнашувларга айланди. сайлов натижаларидан норози бўлган аҳоли ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан ошкора зиддиятга киришиб кетди.
Бу тўполонлар граната, кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичларни ишлатишга олиб келди.
Кейинроқ намойишчилар парламент ва президент маъмурияти жойлашган Оқ уйга бостириб кириб, уни эгаллаб олишди. Намойишчилар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига боришди. Махфий хизмат ходимлари билан музокарадан сўнг улар собиқ президент Алмазбек Атамбоевни ўтган ёздан бери ҳибсда бўлган ГКНБ қамоқхонасидан озод қилишди. Атамбаев даврида ҳукуматни бошқарган собиқ бош вазир Сапар Исақов ҳам колониядан озод қилинди.
24.kg ахборот агентлиги сешанба куни эрталаб намойишчилар пойтахт ҳокимлиги биносини эгаллаб олишгани ҳақида хабар берди. Ўшда Сооронбай Жээнбековни қўллаб-қувватловчи митинг бошланди.
Президент Сооронбай Жээнбеков мамлакатда содир бўлган тартибсизликлар ҳақида видеобаёнот берди:
–Азиз ватандошлар! Кеча баъзи сиёсий кучлар сайлов натижаларини баҳона қилиб, улар жамоат тартибини буздилар. Улар шаҳар аҳолисининг тинч ҳаётига раҳна солишди. Давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринишди.
Улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига бўйсунмадилар, шифокорларни калтакладилар ва биноларга зарар етказдилар.
Мен ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига битта фуқаронинг ҳаётига хавф туғдирмаслик учун ўт очмаслик ёки қон тўкмаслик ҳақида буйруқ бердим.
Ҳозирча вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймаслик учун барча чораларни кўрдик. Давлатдаги тинчлик, жамият барқарорлиги ҳар қандай депутатлик мандатидан ҳам қадрлидир”, – деди Сооронбай Жээнбеков.






