Ўзбекистонда пандемия шароитида юзага келиши мумкин бўлган дори-дармон тақчиллигини олдини олиш мақсадида давлат томонидан қатор чоралар кўрилмоқда. Аввало, ҳудудларда етишмовчилик кузатилаётган дори-дармонлар аниқланиб, уларни етказиб бериш масалалари ҳал этилмоқда деб хабар беради ССВ матбуот хизмати. Маълум бўлишича, ҳозирда ушбу дори воситаларининг 24 миллиард сўмлик заҳираси шакллантирилиб, айни пайтгача поликлиникалар орқали 300 минг тўплам дори қутилари аҳолига тарқатилмоқда. Маълумки, ҳозирда жаҳон тиббиётида коронавирус инфекциясидан даволаш учун “Ремдесивир” ва “Фавипиравир” дори воситалари кенг қўлланилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, аҳолини айнан шундай сифатли ва қимматбаҳо препаратлар билан бепул таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирга қадар касалликнинг бошланғич босқичидаги беморлар учун 17 минг дона (17 минг нафар беморга мўлжалланган) “Фавипиравир” ва оғир ҳолатдаги беморлар учун 15 минг дона (2 500 нафар беморга мўлжалланган) “Ремдесивир” дори воситаси даволаш муассасаларига бепул етказиб берилди. Энг эътиборлиси, Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилаётган “Ремдесивир” препарати билан аҳолини таъминлаш қисқа вақт ичида бир неча баробарга оширилиши кутилмоқда. Шунингдек, айни пайтгача мактаб ўқитувчилари учун 4 миллион 715 минг дона таркибида коронавирусга қарши самарали бўлган цинк микроэлементи мавжуд препаратлар етказиб берилди. Шавкат Мирзиёев томонидан ҳар ой шу каби дори воситалари туркумини республика шифохоналарига узлуксиз етказиб бериш бўйича тегишли топшириқлар берилган. | |
06.10.2020 23:03
Коронавирусга қарши самарали препаратлар аҳолига давлат ҳисобидан берилмоқда... ми?
