6 октябрь куни Тошкент вилоятида Сенат аъзолари, Ҳисоб палатаси экспертлари, Тошкент вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, вазирлик ва идоралар масъуллари, ҳудуд фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди.

Кўрилган масалалар
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борган мажлисда Сенатнинг Ҳисоб палатаси билан биргаликда Тошкент вилоятида ўтказилган ўрганиши якунлари кўриб чиқилди. Хусусан:
- давлатимиз раҳбарининг ҳудудга ташрифи мобайнида берилган топшириқлари ижроси;
- инвестиция дастурлари доирасидаги лойиҳалар ҳолати;
- янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси ижроси;
- маҳаллий бюджетларга қўшимча манбаларни жалб қилиш ва улардан фойдаланиш самарадорлиги таҳлил қилинди.

Камчиликлар эса талайгина
Асосан камчиликларга урғу берилган мажлисда вилоятни ўрганишда аниқланган қуйидаги камчиликлар санаб ўтилди:
- Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган 655 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги 4 155 та топшириқдан 41 таси ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган.
- Давлатимиз раҳбарининг ташрифлари доирасида амалга оширилиши белгиланган 30 та инвестиция келишуви ижроси ўрганилганда, қиймати 622,4 млн. долларлик 14 та келишув ижроси тўхтаб қолган.
- 339,3 млн. долларлик 7 та келишув ижроси муддатидан кечиккан.
- 450 млн. долларлик 5 та лойиҳа эса умуман бошланмаган ҳам.
- инвестиция дастурлари доирасида амалга оширилиши лозим бўлган 909 та лойиҳадан 233 тасининг ижроси таъминланмаган.
- Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ҳисоботларда ўртача маҳаллийлаштириш даражаси 2019 йилда 67,7 фоиз, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида 56 фоиз кўрсатилган бўлса-да, ўрганиш натижасида ушбу кўрсаткич мос равишда 48,6 ва 51 фоизни ташкил этган.
- Ҳисоботларда қўшиб ёзиш ҳисобига ошириб кўрсатиш ҳолатларига йўл қўйилиши оқибатида маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ўхшаш маҳсулотлар импорт қилинган.
- Вилоят миқёсида давлат буюртмасидаги 7 та йўналиш бўйича белгиланган кўрсаткич (30 401 та иш ўрни) 32 847 тага ёки 108 фоизга бажарилган бўлса-да, 2 та йўналишда 5 439 та иш ўрни яратилиши таъминланмаган.
- танлов асосида 2019 йилда ҳақиқатда яратилмаган иш ўринлари ҳудудлар ва йўналишлар кесимида ўрганилганда, уларнинг сони ҳисоботларда кўрсатилганга нисбатан 797 тага кўпни ташкил қилган.
Мажлисда шу ва бошқа камчиликларнинг сабаблари таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, Олий Мажлис Сенати ва Ҳисоб палатаси томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган ўрганишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида уларга йўл қўймаслик юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унда, жумладан, амалга ошириш муддатидан кечикаётган 10,9 трлн. сўмлик 126 та ҳамда амалга ошмай қолаётган 20,7 трлн. сўмлик 107 та лойиҳанинг ишга туширилишини ўрганиш учун хатлов ўтказиш режа графигини ишлаб чиқиш, шунингдек, истиқболсиз лойиҳаларни ўриндош лойиҳалар билан алмаштириш ва уларни белгиланган муддатларда ижро этилишини таъминлаш каби чоралар белгиланди. Шу йилнинг декабр ойида қайта топширилиган масалалар юзасидан ҳисобот мажлиси ўтказилишига келишиб олинди.
Сайёр мажлис тафсилотларига бағишланган мақолаларимизни кузатишда давом этинг.
Сардорбек Раҳмонқулов






