Ижтимоий тармоқларда “Навоийда Самосуд” номи остида видео ёзув тарқалди.
Бу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Хабарда айтилишича ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари даврида қўйидагилар аниқланган:
Шу йил 03 октябрь куни соат 10:30 да Навоий вилояти Қизилтепа тумани “Янги ҳаёт” МФЙ ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги ер майдонида ушбу фермер хўжалик ишчиси бўлган 32-ёшли С.Ш. спиртли ичимлик истеъмол қилиб маст ҳолда фермер хўжалиги раҳбари 26-ёшли Ж.Н.,ни шаъни ва қадр қимматини камситувчи ҳар хил қўпол сўзлар билан ҳақоратлаган. Фермер хўжалиги раҳбари Ж.Н. ҳамда ишчиси С.Ш.,ни юзи ва танасини турли жойларига уриб, тепган ҳолда жароҳат етказиб, бўйиндан арқон билан боғлаб, қўшни фермер хўжалиги тракторчиси фуқаро 28-ёшли С.Н. билан биргаликда унинг тракторида фуқаро С.Ш.,ни фермер хўжаликнинг дала шийпонига олиб бориб, қийноққа солиб дарахтга боғлаб, ташлаб кетганликлари аниқланган.
Ўз навбатида ушбу куни бўлган ҳолатни Ж.Н., ўзининг қўл телефонига видео тасвирга олиб таниши Т.Р.га “Telegram” мессенжери орқали юборган Т.Р. ушбу видеони Қизилтепа туманидаги танишларига юборганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, 2020 йил 04 октябрь куни фуқаро С.Ш. фермер хўжалиги раҳбари Ж.Н.,нинг Қизилтепа тумани “Азизабод” МФЙдаги яшаш хонадонига бир кун олдинги ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида борганида фермер хўжалиги раҳбарининг отаси 52-ёшли Н.В., ўзаро вужудга келган тортишувдан сўнг С.Ш.,ни яшаш хонадонига олиб кириб танасининг турли жойларига уриб тан жароҳати етказганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қизилтепа туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) ва 138-моддаси 1-қисми (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Суриштирув давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 1891-моддаси ва Жиноят кодексининг 1301-моддаларида кўрсатилган “Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш” каби маъмурий ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.






