АсосийJamiyat

Тошкент вилоятида ҳижоб ўраган ва намозхон ўқувчилар рўйхати тузилаётгани тасдиқланди

'Тошкент вилоятида ҳижоб ўраган ва намозхон ўқувчилар рўйхати тузилаётгани тасдиқланди'ning rasmi

Интернетда Тошкент туманида ҳижоб ўраган ва намозхон ўқувчилар рўйхати тузилаётгани мазмунидаги хабарлар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Унда, ўқитувчилар тўлдириши керак бўлган сўровномада мактабда ўқийдиган рўмолли қизлар, уларнинг ота-оналари исм-фамилиялари, уй манзиллари, ота-оналарининг иш жойи хақида маълумот сўралганлиги айтилган.

Махкур хабарларга Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ойдинлик киритди: 

Ҳақиқатан ҳам туманда ўрганиш ўтказилгани рост. Шу кунларда айнан Тошкент туманида ижтимоий тармоқ орқали экстремистларнинг алдовларига учиб, улар билан алоқа боғлаб, Сурияга кетиб, диний-экстремистик оқимга қўшилиш тараддудида турган ўқувчи қиз аниқланган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бу ҳолатнинг олди олинган.  

Яхши биламизки, бундай ҳолатлар содир бўлганда, наинки Ўзбекистон, балки бутун дунёда ҳам тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари ўша муҳит ва ҳудудни атрофлича ўрганиб, шундай кайфиятни вужудга келишига сабаб бўлган объектив, субъетив жиҳатларни чуқур ўрганадилар.

Тошкент туманида олиб борилган ўрганишлар ҳам айни шу мақсаддаги профилактик тадбир бўлиб, мавжуд 31 та мактабда мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, мактаб психологи иштирокида ҳолат бўйича ўрганиш ўтказилган.

Таъкидлаймизки, мазкур ўрганиш аниқ мақсадга йўналтирилган ва бир марталик тадбир бўлиб, алоҳида бир ҳудуд – Тошкент тумани миқёсида ўтказилди. Шунинг учун бу жараённи мамлакатимизда диний соҳада олиб борилаётган эркинлик, очиқлик сиёсатига, диний бағрикенглик тамойилларига зид манзара, деб баҳолаш нотўғри хулосадир.  

Ота-боболаримиздан қолган нақл бор: “Боланинг бўш вақти – душманнинг иш вақти”. Гап фарзандларимиз, уларнинг ҳаётда тўғри йўл танлаши ҳақида борар экан, бундай мавзуларда етти ўлчаб бир кесишимиз, мулоҳаза юритишда тўғри йўлни аниқлаб олишимиз муҳимдир.

Тошкент тумани ҳокимлиги, туман жамоатчилиги бу масалада очиқ мулоқотга тайёр ва ахборот майдонидаги нораво ёндашув, имон-эътиқодли халқимизнинг покиза исломий эътиқодига тегинадиган бир тарзда эълон қилинган материалларни диққат билан кузатиб, муносабат билдиришда давом этади, - дейилади расмий муносабатда.

    Бошқа янгиликлар