1

Сенаторлар Сурхондарё вилоятида маҳаллий Кенгашлар сессияларида иштирок этди

СИЁСАТ 10.10.2020, 16:07
Сенаторлар Сурхондарё вилоятида маҳаллий Кенгашлар сессияларида иштирок этди

Куни кеча халқ депутатлари Музработ туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, одамларнинг турмуш даражасини ошириш, аҳолининг бугунги кундан рози бўлиб яшашини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Сессияда Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов, сенатор Б.Бўтаева, қолаверса, Қонунчилик палатаси депутати Ҳ.Хўжамқулов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Ғ.Бозоров ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Туманда вилоят саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 2,5 фоизни ташкил этган. 46 млрд. 363 млн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бундан уч йил муқаддам туманда 396 кичик бизнес субъекти фаолият юритган бўлса, ўтган йил якунида уларнинг сони 866 тани ташкил этган. 141 минг 400 киши истиқомат қиладиган ҳудудда кичик бизнеснинг тўлақонли ривожланмагани сабабли меҳнатга лаёқатли аҳолининг 5 минг 700 нафари ишсиз фуқаро сифатида рўйхатга олинган.

Сессияда сектор раҳбарлари йўл қўйилган камчиликлар юзасидан аҳолига мурожаат этиб, уларни бартараф этишга қаратилган вазифалар бўйича “йўл харитаси” ҳақида атрофлича маълумот берди.

Туманни шу йил якунигача “қизил” ҳудуддан “сариқ” ҳудудга, келгуси йил биринчи ярмида “яшил” ҳудудга ўтказиш вазифаси белгилаб олинди.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда журналист ва блогерларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов халқ депутатлари Қумқўрғон тумани Кенгаши сессиясида иштирок этди ва маъруза қилди.

Сессияда 4 та сектор раҳбарлари аҳолига мурожаат қилиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси”ни тақдим этди.

Туманда ўтган йили иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари бўйича хизматлар ҳажми 263,6 млрд. сўмни ташкил этиб, аҳоли жон бошига 1 млн. 142 минг сўмга тўғри келган. Қолаверса, ҳудудда 2019 йил экспорт ҳажми 6 млн. 902 минг долларни ташкил этиб, аҳоли жон бошига атиги 30 долларга тўғри келган. Бу вилоят экспорт ҳажми улушининг уч фоизига тенгдир. Белгилаб олинган “йўл харитаси”га кўра, бажариладиган ишлар эвазига 12 млн. 400 минг доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинади ва бу кўрсаткич аҳоли жон бошига 54 долларга етказилади.

Сессияларда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1