Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 12 октябрь куни “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан” ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилган вазифалардан келиб чиқиб нодавлат телеканалларнинг раҳбарлари, бош муҳаррирлари ва кино таҳририяти масъуллари учун давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан ўтказилган йиғилишда ассоциация раҳбарияти, “Севимли” телеканали, “Зўр-ТВ”, “Миллий” ва “Менинг юртим” телеканалларининг раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида юртимизда санъат ва адабиёт асарларидан муаллифнинг розилигисиз фойдаланмаслик, ундан ноқонуний даромад олиш ҳолатларига чек қўйиш ва Берн конвенцияси қоидаларига Ўзбекистонда амал қилишга оид қатор масалалар муҳокама қилинди. Соҳага оид қонунчиликдан келиб чиқиб, интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтириш бўйича таклифлар ўрганлди. Айниқса, хориж киноларини намойиш этишда қонунга риоя қилиш, ўрнатилган тартибга қатъий риоя қилишга келишиб олинди.

Таъкидлаш лозим, ҳар бир халқнинг жаҳонда тутган ўрни ва нуфузи, аввало, унинг интеллектуал бойлигига қараб белгиланади. Шу боис ҳам Давлатимиз раҳбари томонидан тегишли ташкилотларга мамлакатимизда рўйхатга олинган кўнгилочар сайтлар, радио ва телеканалларни ўрганиш, муаллифлар манфаатларини таъминлашга оид муҳим вазифалар юклатилди. Чунки, муаллифлик ҳуқуқи — кенг маънода — фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш, фойдаланиш ва ҳуқуқий ҳимоя қилишда вужудга келадиган муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар йиғиндиси бўлиб у интеллектуал бойликнинг асосини ташкил қилади. Йиғилишда ушбу масалада нодавлат телеканалларининг ҳолати ўрганилди ва келгусидаги муҳим режалар белгилаб олинди.
Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган йиғилишда нодавлат телеканаллар фаолиятида соҳага оид бошқа ҳуқуқий нормаларни тартибга солиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, йиғилишда сериаллар намойишини тартибга солиш, ғоявий-бадиий жиҳатдан муносиб медиа-контентни шакллантиришга алоҳида тўхталиб ўтилди.






