АсосийЖАМИЯТ

Тошкент метросида давлат тилига бағишланган тадбир ўтказилди

Тошкент метрополитенининг «Алишер Навоий» бекатида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ри...

'Тошкент метросида давлат тилига бағишланган тадбир ўтказилди'ning rasmi

Тошкент метрополитенининг «Алишер Навоий» бекатида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан Маданият вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамкорлигида «Қадринг баланд бўлсин, она тилим!» мавзуида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.  

–Миллат тили ўз байрамини нишонлаши бу катта воқейлик,– дейди шоира Зулфия Мўминова. – Тилимиз нуфузини ошириш учун кўп ишлар қилинди. Ўнлаб услубий қўлланмалар, луғатлар тузилди. Қолаверса, Юртбошимизнинг БМТ минбаридан туриб ўзбек тилида сўзлагани тил байрамимизнинг 31 йиллигига катта совға бўлди.

Ўзбек тили байрами муносабати билан уюштирилган мазкур тадбир доирасида ўзбек тилига оид кўргазмали материаллар, баннерлар тақдим қилинди.  

Карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг таниқли сухандонлари, шоир-ёзувчилари ижод намуналари аудио кўринишида метрополитен ичида янгради.

«Алишер Навоий», «Заҳириддин Муҳаммад Бобур», «Авлоний», «Ибрат» фильмларидан намойиш этилган лавҳалар метрополитен фойдаланувчиларига манзур бўлди.  

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг ижодий жамоалари, ўқитувчилари, талабалари ижросидаги миллий тилимизнинг қадр-қимматини шарафловчи ашулалар тадбирга ўзгача файз бағишлади. 

    Бошқа янгиликлар