Давлат тест маркази ушбу саволга жавоб берди:
Aлбатта бугунги кунда юртимизда нодавлат таълим ташкилотлари сони ва йўналишлари ошгани, улар фаолиятини ташкил этишда, халқаро ташкилотлар, хорижий ОТМлари билан фаол ҳамкорлик қилинаётганлигини эʼтироф этиб ўтиш лозим. Бироқ айрим ҳолатларда мазкур муассасалар фаолияти, вазифаси ва ваколати билан боғлиқ масалаларнинг нотўғри тушунилиши ёки талқин қилиниши сабабли фуқароларимизда айрим нодавлат таълим ташкилотлари ҳақида холис ахборот олишга бўлган эҳтиёж пайдо бўлмоқда.
Aввало, ўқишга қабулни таклиф этаётган хорижий таълим ташкилоти (муассасаси) ўз давлатида таълим фаолияти лицензияланган ва ваколатли орган томонидан аккредитацияланган бўлиши лозим.
Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам олий таълимни таклиф қилаётган нодавлат таълим муассасаси лицензияга эга бўлиши керак. Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия бериш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади. Шуни ёдда тутиш муҳимки, тегишли лицензияга эга бўлмаган ёки белгиланган тартибда аккредитациядан ўтмаган таълим ташкилотлари томонидан берилган олий маълумот тўғрисидаги дипломлар нафақат Ўзбекистон Республикасида балки бошқа давлатлар томонидан ҳам тан олинмайди.