18 октябрь куни Покистоннинг Карачи шаҳрида ўн минглаб одамлар намойишга чиқди. Улар мамлакат Бош Вазири Имрон Хоннинг истеъфога чиқишини талаб қилишмоқда. Бу ҳақда интернет манбаларга таяниб Таржумон хабар берди.
Мазкур ҳолат Покистонда сўнгги уч кунда иккинчи марта такрорланмоқда. Намойишчиларнинг даъволарига кўра, Имрон Хон 2018 йилги сайловда ғирромлик қилган ва армия ёрдамида ҳукумат тепасига чиқиб олган.
Ўтган ойда Покистон ҳукуматига мухолиф бўлган тўққиз нафар партия вакиллари “Покистон демократик ҳаракати” деб номланган ташкилот тузиб, Имрон Хонга қарши ташвиқот ишларини бошлашганди.
“Сиз одамлардан ишларини ва кунлик истеъмол қилинадиган овқатларини тортиб олдингиз. Фермерларимиз уйда оч-наҳор ўтиришибди. Ёшларимиз жуда хафа” дейди мухолифат раҳбари Марям Наваз Имрон Хонга мурожаат қилар экан. У Покистонда Бош Вазирликка уч марта сайланган Наваз Шарифнинг қизи ва сиёсий меросхўри ҳисобланади.
Айни пайтда Покистон иқтисодиёти қийин аҳволга тушиб қолган. Бу мамлакатнинг молиявий ҳолати коронавирус пандемиясидан олдин ҳам оғир аҳволда эди. Пандемия бошланганидан кейин эса инфлация икки баравар ўсди ва иқтисодий кўрсаткичлар пасайди. Мухолифлар бунинг учун ҳукуматни айбламоқда.
“Инфлация қашшоқ одамларнинг белини синдирди ва уларни гадойга айлантирди.Ҳозир ҳукумат истеъфога чиқишининг айни вақтидир”, – дейди 63 ёшли намойишчи Фақир Баллоч.






