Ижтимоий тармоқларда Наманганда коронавирусдан вафот этди дейилган фуқаро тирик бўлиб чиққани ҳақида хабар тарқалди. «Замон» информацион дастурида ушбу хабарга ҳодиса содир бўлгани айтилган шифохона ходимлари ва беморнинг яқинлари орқали аниқлик киритилди.
Аниқланишича, Намангандаги коронавирусга чалинганларни даволовчи тақсимлаш марказида беморлардан бири вафот этгани тўғрисида уларнинг оила аъзоларига хабар берилган. Марҳумнинг ўғли эса отасининг жасадини олиш учун шифохонага борган. У отасининг телефони қаердалигини билиш мақсадида қўнғироқ қилган ва шу вақтда қўнғироққа унинг отаси жавоб берган. Яъни вафот этилганлиги айтилган фуқаро аслида тирик бўлган.
Маълум бўлишича, Наманган шаҳридаги «Илғор» маҳалласида яшовчи фуқаро коронавирусга чалинганлар шифохонасида вафот этгани ва маййитни ювиб, унинг яқинларига бошқа жасад бериб юборилгани тўғрисидаги хабарни ижтимоий тармоқда тарқатган Қ.М. исмли фуқаронинг сўзларига кўра, шифохонадан, ҳақиқатан ҳам, бошқа кишининг жасади бериб юборилган.
«23 сентябрь куни дадам билан гаплашдик, яхшиман дедилар. Орадан 20 дақиқа ўтгач, шифокорлар қўнғироқ қилиб, оғирлашиб қолди дейишди. Яна ортга қайтдим. Вафот этди, дейишди. Биз ўша ерда деб ўйладик. Телефонлари эсимга тушиб қолди ва қўнғироқ қилсам, жавоб бердилар. Дадангиз тирик қолдилар-ку, дейишгани учун ҳеч қандай эътирозим бўлмади», — дейди салкам 80 ёшни қоралаган отахоннинг ўғли.
Шифокорларидан бирининг сўзларига кўра, битта палатада иккита бир хил фамилияли бемор даволанган ва уларнинг ёши ҳам бир-биридан 1—2 ёшга фарқ қилган. Беморларнинг бирида ижобий ўзгариш кузатилган бўлса, иккинчисида аҳвол оғирлашиб, ёндош касалликлар туфайли вафот этган.






