Ўзбекистонда экспорт салоҳиятини ошириш ва экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун изчил ишлар амалга оширилмоқда. COVID-19 пандемияси оқибатлари келтириб чиқарган глобал иқтисодий инқироз шароитида тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини янада рағбатлантириш муҳим устуворликлардан бири ҳисобланади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги - маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга ошириш учун ваколатли орган ҳисобланади. У экспорт қилувчиларга халқаро кўргазма-ярмаркаларда иштирок этиш, миллий маҳсулотлар ва брендларни ташқи бозорларга чиқариш ҳамда халқаро стандартлаштириш ва халқаро сертификатларни олиш учун сарфланган ҳаражатларни компенсация қилиб беради. Бу борада вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 21 октябрда қабул қилинган “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатда экспортни рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг мантиқий давомидир.






