Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар қилинган эди. Айни пайтда маълум қилинишича давлат раҳбари 2021-2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмаслик бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоев айтиб ўтди.
«Давлатимиз раҳбари 2021–2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмасликни асосий вазифа этиб белгилаб берди. Президент ҳар бир компанияга, жумладан, ‘Ҳудудий электр тармоқлари’ АЖга ҳам қатор вазифаларни қўйди. Қилинадиган модернизация ва реконструкция ишлари тарифни кўтариш ҳисобидан эмас, балки ишлаб чиқаришга кетадиган харажатларни, яъни таннархни камайтириш ҳисобига эришиш вазифаси қўйилди», — дейди масъул.






