Куни кеча ижтимоий тармоқларда янги, енгил автомобилларни олиб кетаётган автовоз аварияга учрагани ҳолати акс этган видео ва суратлар тарқалди.

Мазкур ҳодиса 24 октябрь куни Бухоро вилоятидаги А-380 трассада Газли шаҳри яқинида содир бўлгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» «Ўзавтосаноат» ахборот хизматига таяниб, хабар қилди.
Келтирилишича, икки нафар ҳайдовчи томонидан навбатма-навбат бошқариладиган MAN автовози UzAuto Motors’нинг Урганч шаҳридаги дилерлик марказига 5 та "Cobalt" ва 3 та "Nexia" олиб кетаётган вақтида унинг тиркамаси «КамАЗ» юк машинасига урилган. Тарқалган фотосуратлардан «КамАЗ»нинг қопланган қум олиб кетаётгани кўринади.


«Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, «КамАЗ» ҳайдовчиси ухлаб қолиб, бошқарувни йўқотган. Оқибатда икки юк машинаси ҳамда атовоздаги енгил автомобилларга шикаст етган. ЙТҲда ҳайдовчиларнинг ҳеч бири жароҳат олмаган.
Айни пайтда Бухоро вилояти Ромитан тумани ЙҲХБ ҳодиса юзасидан терговга қадар суриштирув ишларини олиб бормоқда.
«Ўзавтосаноат» ЙТҲ оқибатида жиддий зарар етган UzAuto Motors автомобилларининг мутахассислар зиён миқдорини баҳолаганидан кейин заводга утилизация қилиш учун юборилишини маълум қилган.








